Футбол: Ўзбекистон "Осиё кубоги-2031"га даъвогар
Осиё футбол конфедерацияси 2031 ва 2035 йилги Осиё кубоги мезбонлиги учун аризаларни қабул қилиш жараёни якунланганини эълон қилди.
Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон илк бор Тожикистон ва Қирғизистон билан биргаликда ушбу нуфузли мусобақани қабул қилиш учун даъвогарлар қаторидан жой олди.
ОФК президенти шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифанинг ташаббуси билан 2031 ва 2035 йилги қитъа биринчиликлари мезбонлари бир вақтда аниқланадиган бўлди.
"Осиё кубоги-2031" мезбонлигига Австралия, Ҳиндистон, Индонезия, Жанубий Корея ва Кувайт якка тартибда ўз номзодларини илгари сурган бўлса, улар қаторига Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг қўшма аризаси ҳам қўшилди.
"Осиё кубоги-2035" мезбонлиги учун эса Австралия, Япония, Жанубий Корея ва Кувайт давлатлари даъвогарлик қилмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА