Фирибгарлик фош бўлди
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Зарбдор тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувлар шуни кўрсатдики, “Ватанпарвар" ташкилоти Жиззах вилояти техника ва амалий спорт турлари маркази” НТМ собиқ раҳбари Ш.Х. (муқаддам судланган) ҳамда собиқ автомобиль бошқариш устаси Н.Х. (муқаддам судланган) ўзаро тил бириктириб, қонун устидан “ўйин” қилишга уринган.
Улар фуқаро М.А.га автомактабда ўқиганлик ҳақида гувоҳнома тайёрлаб бериш, назарий ва амалий имтиҳонлардан “муаммосиз” ўтказишни ваъда қилиб, ишончни пулга айлантирган. Натижада 13 миллион сўм ва 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланди.
Бу ҳолат тизимга ишончни емирувчи, қонун устуворлигига соя солувчи жиддий иллатдир. Чунки ҳайдовчилик гувоҳномаси оддий қоғоз эмас, балки инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ расмий ҳужжатдир.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири