Авто аксессуарлар савдоси ортидаги фирибгарлик фош этилди
Ижтимоий тармоқлар орқали автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ва аксессуарлар сотишни ваъда қилиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштирган шахс қўлга олинди.
Дастлабки аниқланган маълумотларга кўра, у 11 та фирибгарлик ҳолатига алоқадор бўлиб, жабрланувчиларга жами 10 миллион 645 минг сўм моддий зарар етказган.
Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Instagram ижтимоий тармоғи орқали автомобиль учун қўшимча эҳтиёт қисмлари сотишни таклиф қилган шахс билан танишган. Маҳсулотни харид қилиш мақсадида у Telegram орқали юборилган банк картасига 1 миллион 940 минг сўм ўтказган. Бироқ пул ўтказилганидан сўнг буюртма эгаси ваъда қилинган маҳсулотни етказиб бермаган.
Мазкур ҳолат юзасидан мурожаат асосида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди. Натижада ушбу фирибгарлик ҳаракатлари 2008 йилда Сирдарё вилоятида туғилган шахс томонидан содир этилганлиги аниқланди.
Терговга қадар суриштирув давомида маълум бўлишича, у Instagram ва Telegram ижтимоий тармоқларида «Авто аксессуар 999» номли сохта аккаунт очиб, турли канал ва гуруҳларда автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ҳамда аксессуарларни арзон нархларда сотиш ҳақида эълонлар жойлаштириб келган.
Бундан ташқари, харидорларни жалб қилиш учун «Ҳаммаси 60 минг сўм», «Ҳаммаси скидкада», «Ҳаммаси 80 мингдан» каби жозибадор номлар остида Telegram канал ва гуруҳларга очиб, улардан ҳам фирибгарлик йўлида фойдаланган. Қизиқиш билдирган фуқаролардан маҳсулот учун олдиндан тўлов талаб қилиб, пулларни банк карталарига ўтказдириб олган. Бироқ буюртмаларни етказиб бериш ваъдаси бажарилмаган. Шунингдек, алоқа учун бир нечта танишлари номига расмийлаштирилган телефон рақамларидан фойдалангани ҳам аниқланган. Қайд этилишича, мазкур шахс муқаддам ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган фирибгарлик жиноятининг бир неча бандлари билан судланган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари давомида унинг иштирокида содир этилган 11 та фирибгарлик ҳолати фош этилди. Ушбу ҳолатлар оқибатида жабрланувчиларга етказилган моддий зарар миқдори 10 миллион 645 минг сўмни ташкил этган.
Мазкур воқеа ижтимоий тармоқлар орқали савдо қилишда эҳтиёткорликни унутмаслик зарурлигини яна бир бор кўрсатмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни нотаниш шахсларга олдиндан пул ўтказишдан аввал сотувчининг ишончлилигини текширишга, шубҳали аккаунтлар ва жозибадор таклифларга алданмасликка чақирмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА