Фестивалга тайёргарлик давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта рассомлар фестивали ўтказиб борилиши белгиланган.
Айни кунда ушбу фестивалга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида фестивални ташкил этиш, унинг асосий йўналиш ва концепциясини белгилаш, иштирокчиларни жалб этиш, саралаш, номинациялар кесимида баҳолаш мезонлари бўйича механизмлар ишлаб чиқилиб, ана шу асосда ишлар олиб борилмоқда.
Фестиваль бўлиб ўтадиган Бобур шаҳридаги “Зиёлилар” боғида ҳар бир номинация бўйича махсус павильонлар тайёрлаш белгилаб олинди.
Умуман, мутасаддилар томонидан фестивални шаффоф ва юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-28918]
Жорий йилнинг май ойида ўтказиладиган фестивалда “Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом”, “Энг яхши график рассом” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланади.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.