Илҳом манбаига айланган фестиваль
Давлатимиз раҳбарининг таклифига асосан, 2025 йил 30 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланиб, 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Бобур шаҳрида Рассомлар фестивали ўтказилиши белгиланди.
Бундан кўзланган асосий мақсад – тасвирий санъат ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали ижодкорлар, истеъдодли рассомларни аниқлаш, уларни маънавий ҳамда моддий рағбатлантириш, жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек тасвирий санъатининг турли йўналишларини янада ривожлантириш, ижодкорларга зарур шарт-шароит яратиш ва уларнинг бадиий салоҳиятини оширишдан иборатдир.
– Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган хайрли иш доирасида шу йил май ойида Бобур шаҳрининг Зиёлилар боғида илк бор бўлиб ўтган фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 200 нафарга яқин тасвирий санъатнинг рангтасвир, бадиий фото, ҳайкалтарошлик ва графика йўналишларида тажрибали ижодкорлар иштирок этади, – дейди Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Расулжон Исмонов. – Фестиваль доирасида тасвирий санъат йўналиши бўйича ижодий асарлар кўргазмалари, таниқли ва иқтидорли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, илмий анжуман, амалий санъат асарлари, ҳунармандчилик буюмлари, миллий либослар намойишлари ташкил этилади.


Юқори савияда ўтказилган фестиваль мўйқалам аҳли, айниқса, ёш мусаввирларга ўз истеъдод, маҳорат ва салоҳиятларини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Қолаверса, юртдошларимизга мусаввир ва амалий санъат усталари ижоди билан яқиндан танишиш, гўзал мусаввирлик асарларидан баҳраманд бўлиш имконини берди.
– Кўп йиллардан буён рассом сифатида иш олиб бораман, кўплаб танловларда қатнашганман, – дейди “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби, мусаввир Мурод Умар. – Юртимизнинг қатор ҳудудларида, хорижий давлатларда шахсий кўргазмалар ташкил қилганман. Очиғи, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Андижонда, Бобур шаҳрида нуфузли рассомлар фестивали ўтказиб борилиши, соҳа ривожига қаратилган эътиборнинг ёрқин намунаси бўлди.

Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом”, “Энг яхши график рассом” номинациялари бўйича ўтказилган фестиваль юртимиз тасвирий ва амалий санъат усталари илҳом манбаига айланади, кўпдан-кўп ёш истеъдодларни кашф этишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири