18-22 май кунлари Андижонда Рассомлар фестивали ўтказилади
Ўзбекистон Бадиий академиясида жорий йилнинг 18-22 май кунлари Андижон вилоятида ўтказиладиган Рассомлар фестивалига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда мутасаддилар томонидан Рассомлар фестивалига тайёргарлик хусусида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг апрель ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида Бобур шаҳри миллий маданият ва санъатимиз, ўзбекона меҳмондўстлик, бағрикенглик ва ҳамкорликни акс эттирадиган ўзига хос кўзгу бўлиши зарурлигини таъкидлаб, бу шаҳарда Рассомлар фестивалини ўтказишни таклиф қилган эди.
Шунга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2026 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Бобур шаҳрида Рассомлар фестивалини ўтказиш белгиланди.
[gallery-29266]
Таъкидланганидек, фестивалнинг асосий мақсади тасвирий санъат соҳаси ижодкорлари, ёш истеъдодларни миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин асарлар яратишга ундовчи муҳит яратишдан иборат.
Шунингдек, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшаётган тажрибали ижодкорлар, истеъдодли рассомларни аниқлаш, уларни маънавий ҳамда моддий рағбатлантириб бориш, жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашга интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзбек тасвирий санъатининг турли йўналишларини янада ривожлантириш, ижодкорларга зарур шарт-шароит яратиб, уларнинг бадиий салоҳиятини ошириш мақсад қилинган.
Фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан 200 нафарга яқин тасвирий санъатнинг рангтасвир, бадиий фото, ҳайкалтарошлик ва графика йўналишларида тажрибага эга ижодкорлар иштирок этади.
Фестивалда йўналишлардан келиб чиқиб, ижодкорлар “Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом”, “Энг яхши график рассом” номинациялари бўйича мукофотланади.
Дастурга кўра, тасвирий санъат йўналиши бўйича ижодий асарлар кўргазмалари, таниқли ва иқтидорли ижодкорлар иштирокида маҳорат дарслари, ижодий суҳбатлар, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ билан халқаро илмий-амалий конференция, пленэрлар, амалий санъат асарлари, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмалари, миллий ва тарихий либослар, бадиий дастурлар намойиши, диққатга сазовор масканларга саёҳат ташкил этилади.
Фестиваль якунида ғолиблар Ташкилий қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль, диплом, фестиваль рамзий ҳайкалчаси ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Гулноза Бобоева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА