Табиий ресурсларга эгалик қилиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси билан тартибга солинади. Шунингдек, суғориладиган ер участкаларини ўзбошимча эгаллаб олиш ва у ерда қурилиш ишлари олиб борилган ҳолатда БҲМнинг 450 дан 600 бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Тошкент шаҳар Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманларига суғориладиган ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланишининг олдини олиш, ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида самарали давлат назоратини амалга ошириш юзасидан назорат тартибида ўрганиш ўтказилди.
Бу ҳақда “Ўзагроинспекция” матбуот хизмати маълум қилди.
Ўрганишлар натижасида Тошкент шаҳар Бектемир тумани "Забардаст" МФЙ ҳудудидаги “Иззатилла Агро” фермер хўжалигига тегишли 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонлари 42 та ҳолатда, 42 нафар фуқаро томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, бетон пойдеворлар, пишган ғиштлар билан ўраб, уй-жойлар қуриш ишлари амалга оширилаётгани аниқланди.
Бунинг натижасида тупроқнинг унумдор қатламига зарар етказилган. Ушбу “Иззатилла Агро” фермер хўжалигининг 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонида ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқиши натижасида етказилган зарар 1 миллиард 348 миллион 265 минг 819 сўмни ташкил қилади.
Юқоридаги “Иззатилла Агро” фермер хўжалигига тегишли 1,97 гектар суғориладиган экин ер майдонларида аниқланган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан прокуратура органларига маълумот тақдим этилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА