Амалдаги қонунчиликка кўра, тадбиркорлар ҳам, фуқаролар ҳам ер ва сув ресурсларидан оқилона ҳамда қонуний асосда фойдаланиб, уларни асраш ва келажак авлод учун сақлашга масъулдир. Умуммиллий бойликдан ғайриқонуний фойдаланган шахслар жавобгарликка тортилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга кўра, фақат 2018 йил 1 майгача якка тартибда қурилган ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонлари ҳамда қурилмалар кўриб чиқилади. Бу санадан кейин содир этилган ҳар қандай ноқонуний ҳаракат маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боис жойларда олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари жараёнида бундан буён ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга хомтама бўлмаслик лозимлигини ҳам эслатиб ўтмоқдамиз.

Афсуски, Сурхондарё вилоятида ҳам кенг қамровли профилактик тушунтириш ишлари олиб борилаётган, ердан оқилона ва қонуний фойдаланишни таъминлаш, тизимда ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш ва қонунчилик ҳужжатлари ижросини кафолатлашга жиддий эътибор қаратилаётган бўлса-да, ҳануз ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, уларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш каби хунук ҳолатларга дуч келинмоқда.
Қишлоқ хўжалиги майдонларидан самарали фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ва ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш давлатимиз белгилаб олган вазифаларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган айни пайтда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахсларга тегишли чоралар кўрилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг олти ойида Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ва туман, шаҳар бўлимлари ходимлари 1 минг 513 ҳолатда 124,23 гектар ер майдони ноқонуний эгаллаб олинганини аниқлади. Бу майдонларнинг 95,43 гектари қишлоқ хўжалиги, 9,96 гектари аҳоли пунктлари, 2,07 гектари сув фонди ерларига, 3 гектари эса саноат, алоқа, мудофаа ва тарихий-маданий объектлар жойлашган ҳудудларга тўғри келди.

Умуммилий бойликка кўз олайтириш билан боғлиқ қонунбузарликлар юзасидан тегишли шахсларга огоҳлантириш хатлари ва кўрсатмалар юборилди. Профилактик тушунтириш ишлари чоғида 986 та ҳолат ихтиёрий равишда бартараф этилди. Қонунбузарликларни белгиланган муддатда бартараф этмаган шахслар бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, ноқонуний қурилмаларни мажбурий буздиришга қаратилмоқда.
Мавриди келганда шуни ҳам айтиш лозимки, ер билан боғлиқ аниқланган ҳолатларнинг 118 тасида жиноят аломатлари мавжуд деб топилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. 818 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Масалан, Ангор туманидаги Янги турмуш маҳалласида яшайдиган Саидваққос Дилшодов (исм-шарифлар ўзгартирилди) 100 кв.метр ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, 96,8 кв.метр нотурар жой қурилиши учун пойдевор қўйганида назоратчилар эътиборига тушиб қолди. Ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддаси 3-қисми асосида баённома расмийлаштирилиб, жарима қўлланилди. Қурилмани бузиш ҳақида ёзма кўрсатма берилди. Олтинсой туманидаги Мустақилликнинг 10 йиллиги маҳалласида Комил Очилдиев 200 кв.метр қишлоқ хўжалиги ерини ноқонуний эгаллагани учун маъмурий чора кўрилди. Эгалланган ерни ўзбошимча фуқаронинг ўзи давлат захирасига қайтарди.

Умуммиллий бойлигимиз бўлган ернинг ҳар қаричи давлат муҳофазасида ва ундан оқилона, самарали фойдаланиш қонун билан тартибга солинганини унутмаслигимиз керак.
Менглимамат Абдираҳмонов, Кадастр агентлиги
Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.
ЎзА