Фарғонада замонавий ўқ отиш спорти мажмуаси ишга туширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисм ҳудудида барпо этилган замонавий ўқ отиш спорти мажмуаси тантанали равишда фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов, ҳарбий хизматчилар, спортчи ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида спорт соҳасини изчил ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўқ отиш спортини оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида бугунги кунда республика ҳудудларида 116 та тўгарак фаолият юритмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юксак натижаларга эришмоқда. Фарғона вилоятида эса айни пайтда 184 нафар ёш ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиб, турли мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 ноябрда қабул қилинган “Ўқ отиш спорт турларини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳудудларда замонавий спорт инфратузилмасини барпо этиш ана шу қарор ижросининг амалий ифодаси ҳисобланади.
Фарғона вилояти ҳарбий-маъмурий сектори ташаббуси билан барпо этилган мазкур мажмуани қуриш учун 5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Қурилиш ишлари “Марғилон бинокор таъмир-қурилиш” МЧЖ томонидан қисқа муддатда амалга оширилиб, замонавий талабларга жавоб берадиган ўқув-машқ маскани бунёд этилди.
[gallery-30654]
Мажмуада ҳарбий хизматчилар ва спортчиларнинг мерганлик маҳоратини ошириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда учта махсус ўқув майдончаси, назарий тайёргарлик синфи, шунингдек, шахсий таркиб учун маиший ва хизмат хоналари ташкил этилган.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирокчиларни янги спорт мажмуаси ишга туширилгани билан табриклаб, мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини қўллаб-қувватлаш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган ишлар изчил давом этаётганини таъкидлади. Шунингдек, у спортчиларга мамлакатимиз ва халқаро майдонларда ўтадиган нуфузли мусобақаларда омад тилади.
Тадбир давомида Хайрулло Бозоров Мудофаа вазирлигининг “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шундан сўнг меҳмонлар янги ўқ отиш спорти мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА