Қаршидаги беллашувлар истиқбол эгаларини саралади
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида бокс бўйича 17 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақаси якунланди. Ҳафталик баҳслар нафақат ғолибларни аниқлади, балки мамлакатимиз бокси учун муносиб захира етишиб чиқаётганини яна бир бор тасдиқлади.
24-31 июль кунлари ўтказилган мусобақада юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган юзлаб ёш чармқўлқоп усталари рингга кўтарилди. Ҳар бир вазн тоифасида кечган муросасиз беллашувлар спортчиларнинг техник тайёргарлиги, иродаси ва ғалабага бўлган интилишини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра, Республика олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоаси 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида ишончли тарзда биринчи ўринни эгаллади ҳамда Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.
Мезбон Қашқадарё вилояти жамоаси 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан иккинчи ўринга сазовор бўлди. Баҳодир Жалолов мактаби вакиллари эса 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан кучли учликдан жой олди.
Қайд этиш жоизки, ўсмирлар ўртасидаги бундай нуфузли мусобақалар келажакда мамлакат шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли боксчиларни саралаб олишда муҳим ўрин тутади. Айни пайтда бу каби беллашувлар ёш спортчилар учун катта тажриба мактаби бўлиб, уларнинг маҳоратини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Қаршидаги баҳслар якуни Ўзбекистон боксида муносиб авлод шаклланаётганини яна бир бор намоён этди. Бу эса миллий бокс мактабининг барқарор тараққиёти ва халқаро ареналардаги келгуси муваффақиятлари учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА