Фан олимпиадаси бошланди
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида рус тили бўйича II Губкин фан олимпиадаси бошланди.
Олимпиада университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали томонидан ташкил этилиб, республика бўйлаб иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, мактаб ва олий таълим тизими ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фан олимпиадаси бир вақтнинг ўзида икки ҳудудда – Нукус ҳамда Тошкент шаҳарларида ўтказилмоқда. Мазкур формат иштирок географиясини кенгайтириш ва республиканинг турли ҳудудларидан ўқувчилар иштирокини таъминлаш имконини берди.
Бу йил фан олимпиадасида Ўзбекистоннинг 11 ҳудудидан 1 минг 300 нафардан ортиқ, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидан 446 нафар ўқувчи иштирок этмоқда. Улар орасида мактаблар, академик лицей ва техникумлар битирувчилари бор.

Тантанали очилиш маросими икки шаҳар ўртасидаги онлайн видеоконференсалоқа орқали ўтказилди. Унда университетнинг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори Абдулла Магрупов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Айбек Даулетбаев, институтнинг ўқув ишлари бўйича проректори Мухтар Ибрагимов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилади.
Очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар рус тили фанидан олимпиада топшириқларини бажаришга киришди.
Таъкидлаш жоиз, Губкин фан олимпиадаси 2025 йилдан буён ўтказилиши анъанага айланган бўлиб, ўтган йили унда 840 нафар ўқувчи, шундан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 71 нафар ўқувчи иштирок этган эди. Фан олимпиадаси ғолиб ва совриндорлари университетга имтиҳонсиз давлат гранти асосида қабул қилинди.
Бу йилги олимпиада шартларига кўра, ғолиб ва совриндорлар университет сертификатлари билан тақдирланади ҳамда уларга имтиҳонларсиз ўқиш имконияти берилади. Шунингдек, юқори натижа кўрсатган иштирокчилар тўплаган балларини кириш имтиҳонлари натижаси сифатида ҳисоблаш имкониятига эга бўлади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.