Нукусда асосий фан олимпиадасининг ҳудудий босқичи бошланди
Нукус шаҳридаги 36-умумий ўрта таълим мактабида асосий фан олимпиадасининг учинчи – Қорақалпоғистон Республикаси босқичига старт берилди.
Олимпиаданинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Давлатбоев, Ўзбекистон Республикаси Фан олимпиадалари маркази мутахассиси Абулмансур Эргашов иштирок этиб, ўқувчиларга билимлар беллашувида муваффақият тилади.
Мазкур олимпиада иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, фанларни чуқур ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш ҳамда республика босқичига муносиб номзодларни саралашда муҳим аҳамият касб этади.
Олимпиаданинг дастлабки куни математика фанидан 10-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган беллашувда 70 нафар ўқувчи иштирок этди. Информатика фанидан эса 11-синфнинг 66 нафар ўқувчиси ўз билим ва салоҳиятини синовдан ўтказди.
Билимлар беллашувида иштирокчиларнинг назарий билимлари билан бир қаторда, мантиқий ва мустақил фикрлаш, мураккаб масалаларга ечим топиш қобилияти ҳам синовдан ўтказилади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, олимпиаданинг мазкур босқичида барча фанлар бўйича жами 3 минг 500 нафарга яқин ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда.
[gallery-32731]
Бундай интеллектуал беллашувлар ёшларнинг илм-фанга интилишини рағбатлантириш, иқтидорини намоён этиш ва келгусида юқори натижаларга эришиши учун замин яратади.
24 ноябрда бошланган фан олимпиадаси 5 декабрга қадар давом этади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА