38-Халқаро информатика олимпиадасининг илк баҳслари бошланди
Ўзбекистон тарихида илк бор ўтказилаётган 38-Халқаро информатика олимпиадасининг биринчи кун баҳслари бошланди.
Бугун дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган иқтидорли ёш дастурчилар мураккаб алгоритмик масалаларни ечиш, мантиқий фикрлаш ва дастурлаш бўйича ўз билим ҳамда маҳоратини синовдан ўтказаяпти.
Айтиш керакки, Ўзбекистонда Халқаро информатика олимпиадаси – IOI ўтказилиши мамлакат учун кўплаб афзалликларни тақдим этади. Жумладан, бу нуфузли тадбир Ўзбекистонни жаҳон ҳамжамиятига рақамли технологиялар ва IТ-таълим соҳасида фаол ривожланаётган етакчи марказ сифатида намойиш этади.
[gallery-30830]
Дунёнинг энг кучли IТ-мутахассислари ва йирик компаниялар эътибори мамлакатга хорижий инвестицияларни ҳамда янги халқаро лойиҳаларни жалб қилади. Маҳаллий ёшлар орасида дастурлаш ва аниқ фанларга бўлган қизиқиш кескин ортиб, уларни юқори технологиялар соҳасида катта ютуқларга ундайди.
Миллий таълим стандартлари ва кадрлар тайёрлаш тизими илғор халқаро тажрибалар асосида янгиланиб, замонавий талабларга мослаштирилади. Маҳаллий устоз ва мутахассислар хорижлик ҳамкасблари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиб, IТ соҳасидаги энг сўнгги методикаларни ўзлаштириш имкониятига эга бўлади. Минглаб хорижлик меҳмонлар, олимлар ва иқтидорли ёшларнинг ташрифи юртимизнинг туристик салоҳиятини ошириб, инфратузилма ривожига кучли туртки беради.
Буларнинг барчаси янгиланаётган Ўзбекистонда таълим соҳасига қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий натижаларидан, дейиш мумкин.
Н.Усмонова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари