Европа Украина масаласида Россия билан музокара бошлаш ниятида
Европа мамлакатлари Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича Россия билан музокара бошлаш ниятида, дея таъкидлади Франция Президенти Эммануэль Макрон.
Франция раҳбари устувор вазифа “қисқа муддатда Украинани қўллаб-қувватлаш” эканини қўшимча қилиб, бу Киевни музокара учун қулай ҳолатга келтиришга қаратилганини таъкидлаган.
Президент Владимир Путин Шэньжэнда журналистларга Москва европаликлар Украина бўйича уч томонлама музокарага қандай фикр билан келишга тайёрлигини тушуниши кераклигини айтди. РФ дипломатик каналлар орқали европаликларга келишув бўйича қарашларни эшитиш учун Москвага келиш таклифини берган.

АҚШ Президенти махсус вакили Жаред Кушнер агар европаликлар бир музокара бўйича келиша олса, бу Россия уларнинг музокарада иштирок этишига рози бўлганидан ҳам катта ютуқ бўлишини таъкидлади.
Германия Канцлери Фридрих Мерц ҳам Украинадаги келишувни Россия билан муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди, аммо бундай музокара бетараф юртда ўтиши кераклигини ҳам таъкидлади.
– Музокара аниқ қаерда ўтиши алоҳида масала, биз бетараф ҳудуд қидиряпмиз, – дея қўшимча қилган у.
Мисол тариқасида Бирлашган Араб Амирликлари келтирилган. ГФР мулозими сўзларига кўра, музокара тез орада уюштирилиши керак.
Мерц АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарларининг Шэньчжэндаги учрашувини “Хоҳловчилар коалицияси” Берлин саммити билан таққослаб, асосан “фотосессия” бўлгани, Европадаги учрашув эса аниқ натижа берганини айтди.

У таъкидлашича, иттифоқчилар 2027 йил ҳам Киевга кенг кўламли ёрдам кўрсатишда давом этади. Хусусан, Европа Комиссияси бунинг учун қўшимча 45 миллиард евро ажратишни таклиф қилди. Ташаббус кенг миқёсда қўллаб-қувватланди.
Мерц шунингдек, Украина Керч кўпригига яна жиддий зарар етказганини айтиб, буни “аниқ огоҳлантириш ва Россиянинг заифлиги белгиси” деб атаб, РФ фақат октябрь ойида 50 000 дан кўп аскарини йўқотганига урғу берди.
Бундан ташқари Канцлер Украина, Россия, АҚШ ва Европа иштирокидаги эҳтимолий тинчлик музокарасига тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Унинг фикрича, бундай формат тинчликка эришиш учун энг яхши имконият очади.
Европанинг нияти жиддийлигини АҚШ Президенти махсус элчиси Жаред Кушнер ҳам тасдиқлади. Шунингдек, у Европа Иттифоқининг Украина мавзусига ёндашувини рус делегациясига етказишини айтди.

– Бугунги натижага асосланиб, биз Европа жуда бирлашгани ва Украинани қатъий қўллаб-қувватлаётганини кўрдик... буни Россия делегациясига етказамиз, – деди Кушнер Берлинда.
Унинг айтишича, бу маълумот аллақачон Президент Дональд Трампга етказилган.
– Европа қатъий бирлашган, – дея таъкидлади Кушнер.
Кушнер Уиткофф билан бирга Берлинга Украина можаросини ҳал қилиш бўйича Владимир Зеленский ва Европа раҳбарлари билан мулоқотда иштирок этиш учун келган.
С.Раҳимов, ЎзА