Cербияда шахмат бўйича клублар ўртасида ўтказилаётган Европа кубогининг 5-турида ҳамюртларимиз дона сураётган "SuperChess" жамоаси Сербиянинг "SK JAVES Modra" шахматчиларини 5:1 ҳисобида мағлуб этди.
Нодирбек Абдусатторов Томас Лаурусасдан, Жавоҳир Синдоров Федерик Йозефандан устун келди.
Ушбу турда Нодирбек Ёқуббоев иштирок этаётган "TAJFUN-ŠK Ljubljana" жамоаси эса 5-турда Черногориянинг "Elektroprivreda" клубини 4:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ёқуббоев Никита Петров билан муроса йўлини танлади. Бешинчи турдан сўнг барча учрашувларда ғалаба қозонган Чехиянинг "Novy Bor Chess Club" клуби 10 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. "Turkish Airlines", "Alkaloid" ва "CʼChartres Echecs" клублари ҳисобида 9 очко мавжуд. "SuperChess" ва "TAJFUN-ŠK Ljubljana" клублари эса 8 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 5 ҳамда 7-ўринларни банд этган.
Бугун, 25 октябрь куни 6-турда "SuperChess" "Tuxera Aquaprofit Nagykanizsai Sakk Klub" билан, "TAJFUN-ŠK Ljubljana" клуби эса "Beer Sheva Chess Club" жамоаси билан куч синашади.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрга қадар давом этадиган Европа кубогида 84 та жамоа иштирок этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА