Чемпион спортчилар, мураббийлар ва соҳа фидойилари муносиб тақдирланди
Хива шаҳрида Президент Олимпиадаси, “Жаҳон ёшлар лигаси” ҳамда футбол бўйича “Хоразм вилояти кубоги” мусобақаларида биринчиликни қўлга киритган спортчилар, уларнинг мураббийлари, фахрий спорт усталари, шунингдек, шаҳарда спортни ривожлантириш ва спортчи ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ҳомийлик қилган фидойи инсонларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Саидов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Хоразм вилояти ижрочи директори Усмонбой Жумагалдиев, Хива шаҳар ҳокими Темур Давлетов сўзга чиқиб, иштирокчиларни юксак ғалаба ва марралар билан қутлади.

- Мамлакатимизда спортчиларга эҳтиром кўрсатиш ва уларни тақдирлаш давлат сиёсати даражасида мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда, - дейди Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг Хоразм вилояти ижрочи директори Усмонбой Жумагалдиев. – Куни кеча вилоят ҳокимлигида ҳам халқаро мусобақалар совриндорлари ҳамда йирик миллий ўйинлар ғолибларини шарафлашга бағишланган тадбир ўтказилди. Бу каби тадбирлар ёш спортчиларимизни янада шижоатли бўлишга ва янги ғалабаларни воҳамизга тақдим этишга ундайди.

Тадбир давомида юксак марраларни забт этган спортчилар ва уларнинг устозларига, шунингдек, ёшлар спорти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳомийларга шаҳар ҳокимлигининг махсус ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири