Интернетдан дунёни топиб, ён қўшнимизни йўқотиб қўймайлик
Жамият ва қадриятлар
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Мирзокалон Исмоилий маҳалласи. Болалар футбол ўйнашни тугатиб, уй-уйларига тарқаляпти. Ҳаммаси терга ботган. Бири коптокни қўлтиқлаб олган, яна бири велосипедини эринибгина етаклаб боряпти.
Уларнинг суҳбати беихтиёр қулоғимга чалинади. Бу манзара менга болалик хотираларимни эслатади. Ҳа, бари кечагидек ёдимда. Бугун улар турган – барча шароитларга эга замонавий уйлар қад ростлаган жойда бир вақтлар бизнинг тупроқ майдонимиз бўларди. Икки тош ёки ғиштдан дарвоза ясаб, копток ортидан югурар эдик. Баъзан эса дўстлар билан майдон четида тўпланиб, қизғин суҳбатлашардик.
Болалик хотираларининг ўзгача бир сеҳри бор. Орадан йиллар ўтса ҳам, уларнинг айримлари кечагидек ёдимизда сақланади. Кўз олдимизда эса, аввало, ўша қадрдон ҳовли гавдаланади. Эрталаб қуёш нури тушадиган айвон, бир четдаги супа, соясида болалар ўйнайдиган дарахт, тандирдан таралаётган иссиқ нон ҳиди...
Ҳовлида ҳаёт қайнар, ҳар бир бурчакда алоҳида бир овоз, алоҳида бир хотира яшарди. Қўшни ҳовлидан кимнингдир бирор юмушга чақирган овози эшитиларди. Кеч тушгач, катталар супа атрофида жам бўларди. Бир пиёла чой устида бошланган суҳбат баъзан анчагача давом этарди.

Ўша манзараларда ҳашамат ҳам, ортиқча дабдаба ҳам йўқ эди. Аммо одамлар орасида самимият, ўзаро ишонч ва бир-бирига эътибор сезилиб турарди. Қўшни дегани қувончли кунингда шерик, ташвишли пайтингда ҳамдард бўладиган яқин киши эди.
Бу муносабатлар алоҳида келишув ёки мажбурият асосида эмас, балки одамларнинг кундалик ҳаёти ва тарбиясига сингиб кетган одатлар эди. Албатта, ўтмишни фақат гўзал хотиралар орқали эслаш мумкин эмас. У даврнинг ҳам ўз қийинчиликлари, машаққатлари бўлган. Бироқ инсон хотирасида қоладиган нарса кўпинча моддий шароит эмас, балки одамларнинг бир-бирига муносабати, бирга ўтказилган лаҳзалар ва қалбга яқин муҳитдир.
Ҳар куни ишга кетаётганимда маҳалламиз четида қурут ва турли ширинликлар сотиб ўтирадиган Шоира опага кўзим тушади. У киши ҳозир саксонни қоралаган. Онахон мени болалигимдан танийди. Маҳалламизда тўйми, ҳашарми ёки маъраками, кўпинча шу кишининг маслаҳати билан ўтади. У барчамиз учун меҳрибон она, ғамхўр бувидек қадрли инсон. Маҳаллага ким келди, ким кетди, кимнинг қандай ташвиши бор – ҳаммасидан хабардор.
Онахоннинг бу ерда ўтириши ҳам шунчаки савдо-сотиқ эмас. Суҳбатларимизда у киши бу машғулотдан келадиган арзимас даромадни ўйлаб ўтирмаслигини таъкидлайди. Уйда бекор қолмасдан, одамлар билан гурунглашиб, ҳаракатда бўлишни исташини билдиради.
Аслида, маҳалланинг файзи ҳам шундай инсонлар биландир. Шоира опанинг кичик дўкончаси ҳам маҳалламиз ҳаётининг бир бўлагига айланган.
Бироқ йиллар ўтиши билан маҳалламиз ҳам ўзгарди. Бир вақтлар болалар тўп тепиб, беркинмачоқ ўйнаган тор кўчалар ўрнида кенг йўллар пайдо бўлди. Эски уйлар ўрнини замонавий бинолар эгаллади. Илгари кўп вақт ва меҳнат талаб қилган юмушлар бугун техника ёрдамида осонгина бажарилмоқда. Интернет, смартфон каби технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Буларнинг барчаси тараққиёт белгисидир.
Айниқса, ёш авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, рақамли дунёда ўз ўрнини топиши муҳим. Эртанги кун бугунги болаларнинг билимли, изланувчан ва замон талабларига мос бўлиб улғайишига боғлиқ. Бироқ тараққиёт сари интилаётган эканмиз, яна бир жиҳат ҳақида ўйлаб кўриш керак.
Бугун кўпчилигимиз эрталаб уйдан шошилиб чиқамиз. Кимдир ишга, кимдир ўқишга шошади, ота-оналар эса фарзандларини мактаб ёки боғчага кузатиш тараддудида бўлади. Кун давомида иш, тирикчилик ва турли юмушлар билан бандмиз. Кечқурун уйга қайтгач ҳам телефондаги хабарлар, ижтимоий тармоқлар ва эртанги режалар диққатимизни тортади. Баъзан бир дастурхон атрофида ўтирган оила аъзоларининг ҳар бири ўз телефони билан овора. Ҳамма бир жойда-ю, аммо ҳар ким ўз дунёсида.
Ижтимоий тармоқлар орқали дунёнинг исталган нуқтасидаги инсон билан бир зумда боғланишимиз мумкин. Узоқдаги қариндошлар, дўстлар ва танишлар билан суҳбатлашамиз, янгиликлардан хабардор бўламиз. Аммо баъзан бир кўчада яшайдиган қўшнимизнинг аҳволидан бехабар қоламиз. Дарвоза олдида учрашганда саломлашамиз-у, ҳол-аҳвол сўрашишга ҳам вақт ажратмаймиз.
Албатта, бунинг сабабини фақат телефон ёки интернетдан излаш тўғри эмас. Муҳими, улардан қандай ва қай мақсадда фойдаланаётганимизда. Технология инсоннинг вақтини тежаши, билимини ошириши, имкониятларини кенгайтириши керак. Аммо улар бизни яқинларимиздан, оиламиздан, маҳалламиздан узоқлаштирмаслиги ҳам муҳим.
Болаларга замонавий технологиялардан тўғри фойдаланишни ўргатиш билан бирга, уларнинг қалбига ота-онага ҳурмат, катталарга эҳтиром, қўшнига меҳр каби туйғуларни ҳам сингдириш лозим. Чунки келажак авлод технологияни биздан ҳам яхшироқ билиши, ундан самарали фойдаланиши мумкин. Аммо шу жараёнда инсонийлик ва меҳр-оқибат ҳам йўқолиб кетмаслиги керак. Бир оғиз ширин сўз, юзма-юз суҳбат, кексалар ҳолидан хабар олиш, қўшнининг қувончига шерик бўлиш каби оддий муносабатларни ҳеч бир электрон восита тўлиқ алмаштира олмайди.
Болалигимдан бир воқеа ёдимда қолган. Маҳалламиздаги мевали дарахтларга чиқиб, пишган меваларни узиб ер эдик. Баъзан болалик шўхлиги билан дарахт шохларини ҳам синдириб қўярдик. Ана шундай кунларнинг бирида маҳалламиз боғбони Неъмат бобо бизни тутиб олди.
– Болаларим, бу мевалар барчангизники, лекин йиллар давомида парваришланган дарахтнинг шохини синдириш яхши эмас, – деди жаҳлида ҳам меҳри сезилиб. – Дарахтни асраш керак. Инсон ҳам худди шундай, ҳаётда бақувват бўлиб улғайиши учун билим олиши ва меҳнат қилиши зарур.
Ҳозир Неъмат бобонинг сўзларидаги маънони чуқурроқ англаяпман. Дарахт парвариш билан бақувват бўлганидек, инсон ҳам меҳр, эътибор ва тўғри тарбия билан камол топади. Бу тарбия эса фақат оилада эмас, маҳалла муҳитида, катталарнинг муносабати ва шахсий намунаси орқали ҳам шаклланади.

Ҳаёт ўзгаришда давом этади. Келгусида ҳам янги турар жойлар барпо этилади, шаҳарлар кенгаяди, технологиялар ривожланади. Ўша замон болаларнинг болалиги ҳам бизникидан фарқ қилади. Улар бошқа ўйинлар ўйнайди, янги воситалар орқали мулоқот қилади, дунёни ўзгача англайди. Бу табиий ҳолдир. Шу боис ўтмишдаги турмуш тарзини айнан тиклашга уриниш эмас, балки унинг энг яхши жиҳатларини бугунги ҳаёт билан уйғунлаштириш муҳим.
Замон ўзгаради, турмуш тарзи янгиланади, аммо инсонни инсонга боғлаб турадиган қадриятлар давр танламайди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА шарҳловчиси