Турон миллий спорти АҚШнинг энг йирик фестивалларидан бирида намойиш этилади
Америка Қўшма Штатларининг Огайо штати, Колумбус шаҳрида келаси йилнинг 7 мартида тарихий воқеа юз беради. Дунёга машҳур “Arnold Sports Festival” доирасида Турон миллий спорти бўйича илк халқаро турнир ўтказилади.
Бу Ўзбекистон номини, миллий ғурурини ва бой тарихини бутун дунёга кўрсатиш учун амалга оширилаётган ташаббуслардан яна бири саналади.
Хўш, “Arnold Sports Festival” ўзи қандай тадбир, унинг нуфузи нимада, деган табиий савол туғилади. Бу спорт фестивалига 1989 йилда асос солинган. Бугунги кунга келиб у дунёдаги энг йирик спорт байрамларидан бирига айланган.
Биргина 2026 йилнинг ўзида ушбу фестивалга 80 дан ортиқ давлатдан 20 мингга яқин спортчи ва 100 мингдан зиёд томошабин келган. Фестивалда бодибилдинг, оғир атлетика ва турли жанг санъатлари бўйича йирик беллашувлар ўтказилади. Энди тасаввур қилинг: шундай улкан саҳнада, жаҳоннинг энг кучли атлетлари қаторида ўзбек полвонлари ҳам ўз маҳоратини кўрсатади. Ушбу нуфузли фестивалда дунёнинг 22 та спорт тури қаторида илк бор Ўзбекистоннинг миллий спорти ҳам қатнашади.
Аввало, бу иштирок орқали Турон спортини миллионлаб хорижликлар кашф этади. Чет эллик мураббийлар ва спорт клублари унга қизиқиб қолиши кутилади. Натижада бошқа давлатларда ҳам Турон тўгараклари очилиши мумкин. Шунингдек, бу спорт орқали Ўзбекистоннинг бой маданияти ва тарихи кенг тарғиб қилинади.
Халқаро Турон федерацияси президенти Фаррух Ниёзимбетов бу воқеанинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Турон спорти аввало миллатимиз меросидир.
– Бу спорт тури узоқ тарихга – Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди каби буюк боболаримизга бориб тақалади, – дейди Фаррух Ниёзимбетов. – Биз бу спорт орқали ўзбек миллатининг асл кучини, маданияти ва урф-одатларини бутун дунёга намойиш қилмоқчимиз. Асосий мақсадимиз Ўзбекистон байроғини янада юқорига кўтариш ва келгусида Туронни Олимпиада ўйинлари спорт турлари қаторига киритишдир.
Таъкидлаш жоизки, Турон спорти қисқа вақт ичида дунё бўйлаб шиддат билан оммалашмоқда. 2025 йилнинг 15 июлида Халқаро Турон федерацияси тузилган бўлса, бугунги кунда унга 35 та давлат аъзо бўлди. 2026 йилнинг июнь ойида Тошкентда ўтган илк Жаҳон кубогида 25 тадан ортиқ давлатдан 600 га яқин спортчи қатнашди. Бу мусобақага АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Чили каби узоқ давлатлардан ҳам вакиллар келди. Бу Янги Ўзбекистонда спортга қаратилаётган улкан эътиборнинг яққол натижасидир.
Америкадаги фестиваль доирасида фақатгина спорт мусобақалари ўтмайди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси, Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ва “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамкорлигида катта маданий дастур ҳам тайёрланмоқда.
Томошабинлар миллий куй-қўшиқларимиз, рақсларимиз ва ҳунармандчилик буюмларимиздан баҳраманд бўлади. Чет эллик меҳмонлар миллий спортимиз орқали Ўзбекистон номи ва гўзал қадриятлари билан яқиндан танишади.
Демак, келгуси йил Колумбус саҳнаси халқимизнинг матонати, гўзал қадриятлари ва янгиланаётган қиёфасини ҳам жаҳонга намойиш этади.
ЎзА