Эрта турмуш ва эрта туғруқ жамият келажагига дахлдор масала
Қумқўрғон туманидаги Боймоқли маҳалласида эрта никоҳ ва эрта туғруқнинг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.
Сурхондарё вилоят оила ва хотин-қизлар, вилоят ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фуқаролари ва ёшлар иштирок этди.

Давра суҳбатида вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи З.Хидирова, Сурхондарё вилояти ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Ў.Эшимова, туман ҳокимининг ўринбосари Н.Алланазаров ҳамда бошқалар мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар тарафлама соғлом ёш авлодни камолга етказиш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритди. Жамият келажагида хотин-қизлар саломатлигининг ўрни, эрта турмуш ва эрта туғуруқнинг оналар ва болалар саломатлиги, ҳаёти ва келажагига салбий таъсирига эътибор қаратилди. Бу ҳолатларнинг олдини олишда ота-она, таълим муассасаси ва маҳалла ҳамкорлигининг аҳамияти тўғрисида фикр алмашди.

Давра суҳбатида ёшларга оилавий ҳаётга масъулият билан ёндашиш, таълим олишни давом эттириш, ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Амалдаги қонунчилик талаблари, вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда соғлом оилавий муҳитни шакллантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган тадбир вилоятнинг бошқа туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири