Бахтли ва фаровон оила – ислоҳотларнинг бош мақсади
Навоий вилояти Кармана туманидаги “Оила маскани”да “Эрта никоҳга барҳам бериш ва қизлар ҳуқуқларига сармоя киритиш” шиори остида “Маиший зўравонликсиз бахтли оила” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбир аввалида таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Айниқса, оилаларда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, эрта никоҳ ва ажримларнинг олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар никоҳ остонасида турган ёшларни оилавий ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаш, уларда оилавий масъулият, ўзаро ҳурмат ва ишонч туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, оилада тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш бўйича ҳуқуқий ва психологик билимларни ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Учрашувда 16 нафар никоҳланувчи ёшга ота-оналик масъулияти, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилавий ҳаётнинг тиббий, иқтисодий, руҳий ва маънавий жиҳатлари бўйича зарур тушунчалар берилди.
Тадбир давомида ёшларга оила қуриш фақатгина никоҳдан ўтиш эмас, балки икки инсоннинг бир-бирига нисбатан масъулияти, фарзандлар тақдири ва оила фаровонлиги учун жавобгарликни зиммасига олиши экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, оилада юзага келиши мумкин бўлган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, муаммоларни ўзаро мулоқот орқали бартараф этиш, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир якунида оилавий ҳаётга тайёргарликдан ўтган 8 та жуфтликка сертификатлар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири