Оилада аҳиллик бўлса, жамият мустаҳкам, фарзандлар бахтли бўлишади
Оила — инсон камол топадиган, меҳр-оқибат, садоқат ва масъулият туйғулари шаклланадиган муқаддас маскан. Унинг тинчлиги ва барқарорлиги нафақат бир хонадон, балки бутун жамият осойишталиги ва келажаги учун муҳим аҳамиятга эга.
Бугун мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан оила қадриятини асраш, ажримларнинг олдини олиш, муаммоли оилалар билан манзилли ишлашга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси сифатида Қоракўл туманида вилоят суди ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида “Оила — жамият таянчи, маънавият бешиги ва авлодлар ўртасидаги узвийлик рамзидир” мавзусида учрашув ташкил этилди.
Унда фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судига никоҳдан ажратиш масаласида мурожаат қилган эр-хотинлар, уларнинг ота-оналари, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Учрашув оддий мулоқотдан кўра, оилалар тақдирига дахлдор жиддий масалаларни муҳокама қилиш, муаммонинг илдизига етиб бориш ва энг муҳими, пароканда бўлиш арафасида турган хонадонларни сақлаб қолишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Тадбир давомида эр ва хотиннинг оила олдидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фарзандлар тарбиясида ота-онанинг масъулияти ҳақида атрофлича фикр алмашилди. Оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилиниб, кўп ҳолларда ўзаро ишончсизлик, бир-бирини тушунмаслик, муаммони мулоқот орқали ҳал қила олмаслик, шунингдек, оилавий ҳаётга учинчи шахсларнинг асоссиз аралашуви салбий оқибатларга олиб келиши таъкидланди.
Учрашувда вилоятда жорий йилнинг тўққиз ойи давомида ажралиш ёқасига келиб қолган ва низолашаётган оилалар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан таҳлилий маълумотлар ҳам тақдим этилди. Бу рақамлар ортида эса оддий статистика эмас, балки тақдири, орзуси ва келажаги бир оилага боғлиқ бўлган инсонлар ҳаёти мужассам экани алоҳида қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди буюртмасига асосан суратга олинган, ҳаётий воқеалар акс этган “Фарзанд омонат” қисқа метражли фильми намойиш этилди. Никоҳдан ажралиш ортида қоладиган фарзандлар тақдирини таъсирчан тарзда ёритган фильм иштирокчиларни чуқур мулоҳазага чорлади.
Учрашувнинг энг таъсирли жиҳати эса масъуллар томонидан ажрим ёқасига келиб қолган ҳар бир оила билан алоҳида, очиқ ва самимий суҳбатлар ўтказилгани бўлди. Муаммоларга умумий ёндашув эмас, балки ҳар бир хонадоннинг ўзига хос ҳолатидан келиб чиқиб ечим изланди. Натижада 17 та оиланинг ўзаро ярашишига эришилди.

Бугун оилани сақлаб қолиш учун қилинган ҳар бир ҳаракат эртанги кунга қўйилган сармоядир. Чунки фарзанд меҳр бор хонадонда улғайса, унинг қалбида ишонч, ҳаётга муносабатида масъулият, келажакка қарашида эзгулик устувор бўлади.
Шу боис ажримни охирги чора сифатида кўриш, келишмовчиликни муроса ва мулоқот билан ҳал этиш, катталарнинг ёш оилалар ҳаётига аралашувида меъёрни сақлаш, энг муҳими, ҳар бир қарорда фарзанд манфаатини биринчи ўринга қўйиш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири