Арағчий: Эрон етти кунлик режа доирасида Ҳурмуз бўғозини очишга тайёр
– Теҳрон таклиф қилинган 7 кунлик режа доирасида 6-кун Ҳурмуз бўғозини очиш, 7-кун узоқ муддатли келишув бўйича Қўшма Штатлар билан музокарани давом эттиришга тайёр, – деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий “Meet the Press” дастурига берган интервьюсида.
Таъкидланишича, Вашингтон тўрт-беш кун ичида зарур чора кўриши керак: ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш, музлатилган Эрон маблағини ечиш ва нефть савдосига қўйилган чекловни бекор қилиш.
Арағчий Эрон ҳозир воситачилар орқали АҚШдан расмий жавоб кутаётганини таъкидлаб, Ислом Республикаси дипломатия тарафдори экани, билъакс янги ҳужумга, шу жумладан уруш қайта бошланган тақдирда қарши туришга ҳам тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, мулозим уран 60 фоизгача бойитилишини тинчлик йўлидаги ядровий дастурнинг бир қисми сифатида таърифлаб, айни масала ҳарбий ҳаракат эмас, балки музокара ёрдамида ҳал қилиниши зарурлигини таъкидлади.
С.Раҳимов, ЎзА