
Юртимизда охирги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан ер ва мулк муносабатларини тартибга солишнинг янги механизми яратилгани одамларни қийнаб келаётган кўпгина муаммоларга ечим бўлмоқда. Бу борада ўтган даврда 42 та меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилгани кадастр тизимини бутунлай янги босқичга олиб чиқди.
Соҳага энг замонавий ахборот коммуникация технологияларини жорий қилиниши ҳамда миллий геоахборот тизимининг йўлга қўйилиши ерни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда ер ажратишда шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси томонидан давлат хизмати марказлари орқали 8 та давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди ҳамда мазкур хизматлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали интеграция қилинди. Натижада мулкдор уйидан чиқмаган ҳолда барча юмушларини бажариш имконига эга бўлди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2022 йил 25 августдаги “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан 2023 йил 1 январдан бошлаб кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (УЗКАД тизими) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ҳамда кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотлар юритиладиган, маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими этиб белгиланди.
Бухоро вилоятида ҳозирда 514 минг 979 та кўчмас мулк қайд қилинган. Шундан 412 минг 405 таси якка тартибдаги уй-жойлар, 66 минг 672 таси кўп хонадонли уйлардаги хонадонлар ҳамда 35 минг 902 та нотурар жойлар ҳисобланади. Жорий йилнинг 8 ойи давомида Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан юқоридаги тизимлар орқали 48 минг 881 та буюртмалар қабул қилиниб, белгиланган тартибда ижроси таъминланди.
“Кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатга олиш интеграциялашган тизими” (УЗКАД) ишлаб чиқилиб, вилоятнинг жами 4 миллион 183 минг гектар ери (қишлоқ хўжалиги 3 миллион 441 гектар, ўрмон фонди 580 минг 605 гектар, табиатни муҳофаза қилиш ерлари 17 минг 958 гектар) ёки 94 фоизи “Кадастр ва рўйхатдан ўтказишнинг интеграциялашган ахборот тизими” да электрон харитаси яратилди. Кадастр ахборот тизимига киритилди. Шундан 3 миллион 805 минг 732 гектар (қишлоқ хўжалиги 3 миллион 239 минг 19 гектар, ўрмон фонди 5 миллион 487 минг 55 гектар, табиатни муҳофаза қилиш ерлари 17 минг 958 гектар) 55 минг 142 та ер участкаларидан фойдаланувчилар кесимида кадастр йиғма жилдлари шакллантирилган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан деҳқон хўжалиги юритиш учун берилган ер участкаларини очиқ электрон танлов натижалари асосида кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграциялашган тизими орқали 5 минг 194 гектар ер 34 минг 798 та жисмоний шахслар номига давлат рўйхатидан ўтказилди. Кадастр соҳасида фуқароларнинг ишончини оқлаш, уларнинг ҳурматини қозониш борасида аниқ ва сифатли хизмат кўрсатиш, шунингдек, ернинг ҳар бир қаричи халқимизга манфаат келтириши йўлидаги фаолиятимизни давом эттирамиз.
Амриддин Тойиров,
Давлат кадастрлари палатаси
Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи
ЎзА