Сўнгги йилларда ер ва мулк муносабатларини тартибга солишнинг янги механизми яратилгани одамларни қийнаб келаётган кўпгина муаммоларга ечим бўляпти. Эндиликда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри, ер, бинолар ва иншоотлар, ҳудудлар давлат кадастри ягона тизимини юритиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
– Албатта, бу каби вазифалар ижросини таъминлаш Давлат кадастрлари палатасига юклатилган, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Ҳамид Бақоев. –Давлат кадастрлари палатаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтган 2023 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан жами 46 мингдан ортиқ давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза келиб тушган. Уларнинг 37 минг 424 таси ижобий якунланиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шундан 5077 таси нотурар кўчмас мулк объекти, 14 510 таси турар-жой, 12 327 таси кўп қаватли уйлардаги хонадон, 5 510 таси ер участкасидир. Шу каби юқорида кўрсатиб ўтилган ишларнинг давоми сифатида бугунги кунда ички йўллар ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр паспортларини шакллантириш режа қилинган. Бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлар тизимли ташкил этилмоқда.
Шунингдек, 2023 йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан кадастр паспортини шакллантириш учун Давлат хизматлари марказлари ҳамда my.gov.uz – ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 35 минг 992 та ариза келиб тушган бўлиб, уларнинг 22 минг 553 таси ижобий ҳал этилган. Айрим аризалар камчилиги бўлгани учун рад этилган. Давлат хизматлари томонидан бекор қилинган, шунингдек, кадастр паспортини шакллантириш учун тўлови кутилаётган аризалар ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, бошқарма томонидан ҳозирга қадар 10 505 та 1229,3 гектар ер участкаси аукцион савдоларига чиқариш мақсадида келишиш учун “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. Ўтган давр мобайнида 3617 та 499,2 гектар ер участкаси комиссия томонидан рад этилган бўлса, 2394 та 183,9 гектар ер майдони келишиш жараёнида (муҳокамада). 4494 та 546,1 гектар ер майдони е-auksion.uz онлайн савдо платформаси орқали аукцион савдоларига чиқарилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири