Андижонда ер ҳисобини юритиш, ерларни талон-тарож бўлиши, кадастр соҳасида ноқонуний ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш, бино-иншоатлар ва ер кадастрини юритиш, тизимда коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган мулоқот ўтказилди.
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармалари мутасаддилари, тизим ходимлари, вилоят прокуратураси, ички ишлар, давлат солиқ бошқармалари вакиллари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги масъуллари иштирок этган тадбирда юқорида қайд этилган масалалар бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Мулоқот очилишида Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов тадбирнинг мақсади ҳақида гапириб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида кадастр тизими ходимларининг фаол иштирокини таъминлаш, соҳани коррупциядан холи, шаффоф тизимга айлантириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
Ер инсонлар учун нафақат яшаш макони, балки уларнинг турмуш фаровонлигини таъминловчи муҳим манбадир. Шу боис, ердан унумли ва оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Кейинги йилларда аҳолининг тез ўсиб бориши, саноатнинг ривожланиши ерлар, айниқса, экин ва яшил майдонларни муҳофаза қилиш заруратини янада оширди. Шунга қарамасдан вилоятда ерларни талон-тарож қилиш, ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилаётганлиги тадбирда таассуф билан айтиб ўтилди. Ерларни талон-тарож бўлишининг олдини олиш мақсадида Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси туман ва шаҳар инспекторлари томонидан ўтказилган назорат текширувларида жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда жами 159 та ҳолатда 9,9 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланган. Бундан ташқари, 1 минг 183 та ҳолатда ердан фойдаланиш бўйича қонунбузилиш ҳолатлари содир этилган. Ана шундай ҳолатларга йўл қўйган ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, 1 миллиард 617 миллион 400 минг сўм миқдоридаги жарималар қўлланилган. Айни кунга қадар жарималарнинг 64,6 фоизи ундирилган.
Мулоқотда соҳа ходимларининг коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслиги, ўзига юклатилган функционал вазифаларни ситқидилдан бажариши, ижро-интизомига қатъий амал қилиши бўйича доимий равишда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилганига қарамай, ўтган даврда соҳанинг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан коррупция билан боғлиқ қатор ҳолатлар содир этилганлиги, натижада тизимда фаолият юритган 16 нафар шахсга нисбатан 11 та жиноят иши қўзғатилганлиги қайд этилди.
[gallery-6595]
Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллиги вакили, вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло Сулаймонов коррупция бу энг ёмон иллат эканлиги, нафсни жиловлаш ва таъмагирликка йўл қўймаслик лозимлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходими Нодирбек Абдусаттаров эса ер кадастр тизими айрим ходимлари таъмагирлик йўли билан пора олиш жараёнида тегишли ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олиниб, коррупция билан боғлиқ қатор ҳолатлар ошкор этилганини таъкидлади.
Вилоятда 2021 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида иқтисодий ҳамда коррупцияга оид 1 минг 488 та ҳолат қайд этилган. Фуқаролар ҳамда ер кадастр тизими ходимлари томонидан кадастр ҳужжатини тайёрлаб бериш ёки ер майдони ажратилишига кўмаклашишни ваъда қилган ҳолда фирибгарлик, коррупцион ҳолатлар содир этилган.
– Тизимда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тарғибот-ташкиқот ишларига қарамасдан айрим ходимлар ноқонуний ишларга қўл урмоқда, – дейди Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Акбаров. – Бу каби салбий ҳолатлар соҳада халол меҳнат қилаётган кўплаб хамкасбларимизни юзини ерга қаратмоқда.
Давлат кадастрлари палатаси вилоят бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, соҳанинг мансабдор шахслари ва ходимларнинг 74 нафарига интизомий жазо чораси қўлланилган. Масалан, Давлат кадастрлари палатасининг Комплаенс-назорат хизмати томонидан Жалақудуқ ва Олтинкўл туманларида ўтказилган хизмат текшируви натижасида ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармаганлиги учун Кадастр агентлиги Жалақудуқ тумани бўлим бошлиғи ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Олтинкўл тумани филиал раҳбариларга нисбатан ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима тўлаш жазоси қўлланилган.
Шунингдек, бир қатор қўпол камчиликларга йўл қўйган Давлат кадастрлари палатаси Жаладудуқ туман филиали хисобчиси Ш.Абдуллаев, Олтинкўл тумани филиали мутахассиси Х.Раҳимов хизмат вазифларини лозим даражада бажармаганлиги, йўл қўйган хато ва камчиликлари учун улар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Очиқ мулоқотда соҳада коррупцион ҳолатларга йўл қўймаслик, салбий иллатларнинг олдини олиш, ходимларнинг бу борадаги масъулияти ва жавобгарлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Мулоқот якунида 2022 йилнинг биринчи чорагида самарали меҳнатлари билан ҳамкасбларига ибрат бўлган, соҳа иши ривожига муносиб ҳисса қўшган ер кадастр тизимининг 20 нафар ходими фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА