Давлат Кадастр агентлиги ҳамда Кадастрлар палатаси Андижон вилояти бошқармалари томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Оммавий ахборот воситалари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари вакиллари, блогерлар соҳа мутасаддилари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда кадастр тизимини ривожлантириш, соҳага оид қонунлар, қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Анжуманда Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари, Кадастрлар палатаси вилояти бошқармаси томонидан 2025 йилнинг ўтган олти ойи давомида ер қонунчилигига оид, шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
– Бошқарма, туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишлар, ер назорати тадбирлари давомида жорий йилнинг биринчи ярмида 3 минг 588 та ҳолатда 71,8 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Аниқланган ноқонуний ҳолатларни содир этган шахсларга қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан хатлар юборилди, тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада 3 минг 230 та қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилди. Шу билан бирга, 101 та ҳолат бўйича қонунбузилиш ҳолатини мажбурий бартараф этиш юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди, 75 та аниқланган қонунбузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
[gallery-24158]
Бундан ташқари, ер, кадастр ва геодезия соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 4 минг 496 та ҳолат бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг 1 минг 2 тасига маъмурий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, анжуманда 2024 йил 5 августда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Хусусан, 2018 йил 1 майга қадар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган кўчмас мулк объектлари режа асосида, босқичма-босқич хатловдан ўтказилмоқда.
Жорий йилда вилоятдаги 292 та маҳаллада хатлов ишларини ўтказиш белгиланган. Бугунги кунда режа-жадвалга асосан 279 та маҳалла фуқаролар йиғинлари чегараларида UZKAD тизими ҳамда ушбу маҳаллаларда 3 минг 307 та инвентаризация ҳудуди яратилди.
Инвентаризация ҳудудидаги 35 минг 137 та кўчмас мулк объекти бўйича хатлов ўтказилди ва кўчмас мулк объектларининг чизмаларини шакллантириш ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжуманда Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
– Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида кадастр паспортини шакллантириш учун 59 минг 368 та мурожаат келиб тушди, – дейди Давлат кадастрлар палатаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Дилшодбек Акбаров. – Мурожаатларнинг 29 минг 505 таси ижобий ҳал этилган ва белгиланган тартибда кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган бўлса, 2 минг 576 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида, 1 минг 385 таси тўлов жараёнида ҳамда 25 минг 902 та мурожаат рад этилган. Уларнинг рад этилиш сабаблари мурожаатчиларга белгиланган тартиблар доирасида тушунтирилди.
Кўчмас мулк ва ер участкасига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун 77 минг 846 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 39 минг 812 таси ижобий ҳал этилиб, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган, 30 мингдан зиёд аризаларда камчиликлар бўлганлиги учун кўриб чиқилиши рад этилган.
Шунингдек, анжуманда тизим ходимларининг касбий малакасини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, ходимларнинг бу борадаги билим, тушунча ва масъулиятини ошириш борасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакилларининг мавзу ҳамда кадастр соҳасига оид саволларига мутасаддилар батафсил жавоб қайтарди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари.