Кадастр агентлиги Андижон вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан кадастр соҳасига оид қонун, фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, тизимда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ерларнинг ҳисобини юритиш бўйича белгиланган ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларини барвақт аниқлаш, ноқонуний ҳолатларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан вилоятда ердан ноқонуний фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Кадастр агентлигининг Андижон вилояти бошқармаси тизимида фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг ўрганишлари, ер назорати тадбирлари давомида жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида 2 минг 226 та ҳолатда 218,1 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги маълум бўлди.
Ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатлари таҳлил қилинганида, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ернинг 85,2 гектари қишлоқ хўжалигига, 8,3 гектари аҳоли пунктларига, 483 та ҳолатда 4,2 гектари саноат, транспорт, алоқа тизимларига, 7,7 гектари сув хўжалиги фондига, 112,7 гектари захира ерларга, қолган қисми эса мудофаа, ўрмон, тарихий маданий объектларга тегишли ерлар эканлиги маълум бўлди.
[gallery-18284]
Ерга оид аниқланган 2 минг 226 та қонунбузилиш ҳолати бўйича уни содир этган шахсларга қонунбузилиш ҳолатини ихтиёрий бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хатлари, кўрсатмалар юборилди.
– Ҳудудий кадастр инспекторларимиз томонидан олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 1 минг 762 та ҳолат бўйича 121,7 гектар ер билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди, – дейди Кадастр агентлиги Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. – Шунингдек, ер қонунбузилиш ҳолатини ихтиёрий бартараф этмаганлиги учун Фуқаролик ишлари бўйича судларга 334 та ҳолат бўйича даъво аризалар киритилди.
Бундан ташқари 55 та ҳолатдаги 5,2 гектарга тегишли ер қонунбузилиш ҳолатларида жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди.
Шу йил ўтган олти ой давомида Давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун 3 минг 101 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. Аниқланган ҳуқуқбузарликларни содир этган 1 минг 252 нафар шахс маъмурий жаримага тортилган.
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси, унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари томонидан ердан фойдаланиш соҳасида белгиланган ишларни тизимли ташкил этиш, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш, мазкур йўналишда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ўрганишлар, зарур ишлар олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳириддин Умрзоқов (фото),
ЎзА