Дзюдочиларимиз нуфузли турнирни 9 та медаль билан бошлади
“Almaty Cadets and Juniors Asian Cup 2026” мусобақасининг илк кунида ҳамюртларимиз 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза, жами 9 та медални қўлга киритди.
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида дзюдо бўйича “Almaty Cadets and Juniors Asian Cup 2026” мусобақаси давом этмоқда. Дунёнинг 12 та мамлакатидан келган спортчилар иштирок этаётган нуфузли турнирнинг ёшлар ўртасидаги баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли бошланди.
Илк кунда ҳамюртларимиз 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза, жами 9 та медални қўлга киритди. Жумладан, -52 килограмм вазн тоифасида Нигина Умрзоқова, -57 килограммда Райҳона Маматова, -60 килограммда Дилшод Каримов ҳамда -66 килограммда Асадбек Мисиров олтин медалга сазовор бўлди. Кумуш медалларни эса -63 килограммда Асал Каримжонова, -60 килограммда Рамзиддин Норбобоев ва -66 килограммда Абдураҳмон Саъдуллаев қўлга киритди.

Шунингдек, Саодат Қорабоева (-52 кг) ҳамда Адина Абилқосимова (-63 кг) бронза медалларига эга чиқди.
Айни пайтда мусобақада ёшлар ўртасида ўрта ва оғир вазн тоифаларидаги беллашувлар давом этмоқда. Уларда ҳам Ўзбекистон вакиллари совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА