Депутат танлови билан маҳалла обод бўлади (+видео)
Хоразмда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида депутат танловини амалга ошириш учун Шовот, Гурлан, Янгибозор ва Урганч туманларидаги ғолиб бўла олмаган 33 та лойиҳа ўрганилиб, солиштирилди. Натижада Шовот туманидаги Дўстлик маҳалласидаги “Ички йўлларни таъмирлаш” лойиҳаси танланди.
Бу қарорни қабул қилишда, аввало, лойиҳанинг қайси маҳаллага энг зарурлиги, аҳоли учун амалий аҳамияти ва мазкур ҳудуднинг бошқа дастурлар доирасида қанчалик қамраб олинганига эътибор қаратилди? Нега айнан Дўстлик маҳалласи?
ЎзА мухбирининг бу ҳақдаги саволига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойбек Отамуродов қуйидагиларни гапириб берди:
– Биламизки, бугун “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси халқимизни бирлаштирадиган, жойлардаги муаммолар ечимига хизмат қиладиган катта ижтимоий лойиҳага айланди. Бу йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнларида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббусига кўра ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан танланган лойиҳалар учун бюджет маблағлари ажратилиши амалга оширила бошланди.
Биринчидан, Дўстлик маҳалласи 2021-2026 йилларда “Ташаббусли бюджет” жараёнларида ғолиб бўлмаган маҳаллалардан бири. Аҳоли сони нисбатан кам бўлгани сабабли лойиҳанинг ғолиб бўлиш имконияти ҳам юқори эмас.
Иккинчидан,маҳаллада йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммо долзарб. Ўрганиш жараёнида маҳалланинг ички кўчаларида асфальтланган йўллар улуши жуда паст экани, аксарият кўчаларда асосан тош ётқизилган йўллардан фойдаланилаётгани кўрилди.
Учинчидан, танловда фақат йўлнинг ҳолати эмас, балки лойиҳанинг аҳоли учун амалий аҳамияти ҳам ҳисобга олинди. Асфальт йўл маҳаллада кундалик ҳаракатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти, шунингдек, аҳолининг транспорт қатнови учун муҳим аҳамиятга эга.
Тўртинчидан, бошқа маҳаллалар билан солиштириш жараёнида уларнинг турли давлат дастурлари доирасида олаётган маблағлари ҳам инобатга олинди.
Жумладан айрим ҳудудлар "оғир маҳалла”, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастурлари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳаси ёки бошқа молиялаштириш дастурлари доирасида 3 млрддан 15 млрд сўмгача маблағ билан қамраб олинган.
Дўстлик маҳалласи эса мазкур танловда бошқа ҳудудлар билан солиштирилганда йўл инфратузилмаси бўйича қўшимча маблағга эҳтиёжи юқори бўлган ҳудуд сифатида баҳоланди.
Шу асосда Дўстлик маҳалласининг Бегёп, Олтин Замин ҳамда Али Қушчи кўчаларининг 2,5 км қисмини асфальт қилиш лойиҳасини қўллаб-қувватлашга қарор қилинди.

Бу қарордан олдин Дўстлик маҳалласида аҳоли билан очиқ мулоқот ҳам ўтказилган эди.
Ўрганиш давомида маҳаллада мавжуд муаммолар, фуқароларни қийнаб келаётган масалалар ва “Ташаббусли бюджет” жараёнлари билан боғлиқ ҳолатлар атрофлича муҳокама қилинди. Ўшанда маҳалладаги Бегёп, Олтин Замин, Али Қушчи, Ширин, Олтин Замин 1-тор, Сахийлар, Сахийлар 1-2-тор ҳамда Болчи кўчаларининг жами 5 км қисмини асфальтлаш масаласи кўтарилган эди.

Маълумот учун айтсам, Дўстлик маҳалласида 10 та кўча бўлиб, 2 164 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалла савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига ихтисослашган ҳудуд ҳисобланади.
Танланган 2,5 км йўл муаммонинг барчасини бирданига ҳал қилмайди, албатта. Аммо бу маҳалладаги йўл инфратузилмасини яхшилаш йўлидаги муҳим амалий қадам бўлади. Энг муҳими, чекланган маблағни эҳтиёж юқори бўлган ва бошқа дастурлар билан етарлича қамраб олинмаган ҳудудга йўналтириш мақсад қилинди.
<iframe width="1060" height="596" src="https://www.youtube.com/embed/QWfKt4Dyuq4" title="Deputat tanlovi bilan mahalla obod bo‘ladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(видео),
ЎзА