“Ташаббусли бюджет”да илк бор депутатлар танлови амалга оширилади
Бугунги кунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси халқимизни бирлаштирадиган, жойлардаги муаммолар ечимига хизмат қиладиган катта ижтимоий лойиҳага айланди. Ушбу лойиҳага старт берилиши билан жойларда аҳоли вакиллари, ташкилот ва муассасалар фаоллик кўрсатиб, муайян лойиҳаларга овоз тўплаш учун ҳаракатга тушишади.
Бу йилги “Ташаббусли бюджет” жараёнларида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббусига кўра ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан танланган лойиҳалар учун бюджет маблағлари ажратилиши амалга оширилади.
Гуп шундаки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ташаббусли бюджет” учун ажратиладиган маблағлар кўлами янада кўпайтирилиб, бу жараёнда Қонунчилик палатаси депутатларининг иштироки ва ташаббускорлиги кенгаяди.

Яъни, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида ўз сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан иккита лойиҳани танлаб, ғолиб деб топади. Очиқликни таъминлаш мақсадида “Очиқ бюджет” ахборот порталида депутатлар танлови учун алоҳида бўлим очилади ва депутатнинг танловни амалга ошириши аҳолига кўриниб туради.
Таъкидлаш лозимки, айни кунларда Қонунчилик палатаси депутатлари республикамизнинг 200 дан ортиқ туман ва шаҳарларида маҳаллама-маҳалла ўрганишлар олиб бормоқда. Ўрганишлар давомида халқ вакиллари ҳудудларда ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида ғолиб бўлмаган, аммо аҳоли учун долзарб ҳисобланган лойиҳаларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Аҳоли билан очиқ мулоқот қилиниб, уларнинг таклиф ва муаммолари тингланмоқда, биринчи мавсумда ғолиб бўлмаган лойиҳаларнинг долзарблиги, аҳоли учун қай даражада аҳамиятли экани обдон ўрганилмоқда.

Қайд этиш лозимки, лойиҳани танлашда депутат аҳоли билан маслаҳатлашади. Қайси лойиҳа ижтимоий аҳамияти жиҳатдан энг долзарб, ҳудуд равнақи учун жуда муҳим бўлса, ўшани танлайди. Ҳар мавсумда биттадан лойиҳа танлаб олинади. Ҳар йили амалдаги тартиб бўйича БҲМнинг 8 минг баравари миқдорида давлат бюджетидан маблағ ажратилади. Бу бир мавсумда 4000 бараварни ташкил этади. Яъни, ҳар йили 3,3 млрд. сўм, бир мавсумда эса 1,6 млрд. сўм маблағ депутатнинг танлови билан амалга ошириладиган лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.
Демак, Президент қароридаги ушбу ташаббус илк бор амалиётда қўлланилади. Танлов жараёнлари эса депутатларимиздан катта масъулият, жиддий эътибор ва адолатли қарор қабул қилишни талаб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА