Депутат маҳалладаги муаммоларга ечим топмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижро органлари ва жамоатчилик назорати йўналишида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида депутатларнинг фаоллиги тобора ошиб бормоқда. Улар ўзлари сайланган ҳудуддаги муаммолар ва аҳоли томонидан қилинаётган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш ва ижобий ечим топишга ҳаракат қилмоқда.
ЎзЛиДеП Кармана туман Кенгаши раиси, халқ депутатлари Кармана тумани Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари Юсуф Муродовни туман аҳолиси яхши танийди. У қисқа муддатда ўз ташаббускорлиги билан аҳолининг ҳурматини қозонган депутатлардан.

Унинг саъй-ҳаракати ва халқ депутатлари туман Кенгаши сессияларида ташаббус кўрсатиши боис туман ҳокимлиги томонидан 2 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, Янгиариқ маҳалласининг 2700 метр масофадаги ички кўчаларига асфальт ётқизилди.

– Маҳалламизда 3700 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди маҳалла раиси Жасур Маҳмудов. – Гарчи маҳалламиз туман марказига яқин ҳудудда жойлашган бўлса-да, ички кўчаларимизнинг бирортаси асфальт қилинмаган эди. Аҳолимиз катта кўчага чиқиши учун ёзда чанг, ёғин-сочинли кунларда эса лой кўчаларда ҳаракатланишига тўғри келарди. Депутатимиз ташаббуси, туман ҳокимининг қўллаб-қувватлаши натижасида кўчаларимиз асфальт қилинди. 700 метр узунликдаги бир кўчамизга бетон қопламаси ётқизилди.

Албатта, бугун юртимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, барчаси инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда. Маҳалла ҳудудидаги маънан эскирган симёғочлар бетон таянчларга алмаштирилди. Шунингдек, 3 та кўприк қайта таъмирланиб, маҳалла аҳлининг узоғи яқин бўлди.
Айни пайтда маҳалладаги кўчаларга чироқлар ўрнатилмоқда.
А.Бўриев ЎзА мухбири