Бухоро ва Сурхондарё: туризмда янги йўллар сари
Бир юртнинг икки гавҳари — тарихий Бухоро ва бетакрор Сурхондарё туризм соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш сари қадам ташламоқда. Бу галги мулоқот оддий учрашув эмас, балки икки ҳудуднинг туристик имкониятларини бир нуқтада бирлаштириб, сайёҳлар учун янги манзиллар ва янги йўналишлар очишга қаратилган амалий ташаббус сифатида аҳамиятли бўлди.
Бугун юртимизда туризм иқтисодиётнинг муҳим драйверларидан бирига айланиб бормоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан туризмни ҳудудларнинг иқтисодий ўсиши, янги иш ўринлари ва аҳоли даромадларини оширишнинг муҳим манбаи сифатида ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳар бир вилоятнинг ўзига хос тарихий, маданий, табиий ва зиёратбоп салоҳиятини ягона туристик маконда бирлаштириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Шу нуқтаи назардан Бухоро вилоятига Сурхондарё туризм соҳаси вакилларининг ташрифи муҳим амалий аҳамият касб этди. Бухоронинг бой туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ҳудудлараро ҳамкорликни кучайтириш ва ички туризм географиясини янада кенгайтириш мақсадида Сурхондарё вилоятининг туризм соҳаси вакиллари учун Бухоро бўйлаб инфотур ташкил этилди.
Инфотур давомида меҳмонлар Бухоронинг сайёҳлик имкониятлари, тарихий-маданий мероси, диққатга сазовор масканлари ва туристлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ташрифнинг энг муҳим қисмларидан бири Бухоро ва Сурхондарё тuroperatorлари ўртасида ташкил этилган учрашув бўлди. Мулоқот аввалида Сурхондарё вилоятининг туризм салоҳияти кенг тақдим этилди.
Тақдимотда воҳанинг асрлар қаъридан сўзлайдиган тарихий-маданий мероси, муқаддас зиёратгоҳлари, бетакрор табиати, экотуризм имкониятлари, тоғ-рекреация йўналишлари ҳамда сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

Аслида, Сурхондарё — қадимий цивилизациялар излари, буддавийлик ёдгорликлари, муқаддас қадамжолар, тоғлар ва бетакрор табиат уйғунлашган ўлка. Бухоро эса Шарқ цивилизациясининг энг йирик марказларидан бири сифатида асрлар давомида дунё сайёҳларини ўзига мафтун этиб келаётган тарихий шаҳардир.
Эндиликда ана шу икки ўзига хос туристик маконни бир-бири билан боғлаш орқали сайёҳларга янада бой ва мазмунли саёҳат дастурларини таклиф этиш имконияти пайдо бўлмоқда.
Учрашув давомида қўшма турпакетлар ишлаб чиқиш, туристик маҳсулотларни ўзаро тарғиб қилиш, сайёҳларга бир нечта ҳудудни қамраб олган саёҳат дастурларини таклиф этиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада туроператорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки замонавий сайёҳ биргина шаҳар ёки битта объект билан чекланиб қолмайди. У бир сафар давомида тарих, маданият, зиёрат, табиат ва миллий таомларни биргаликда кўриш ва ҳис қилишни истайди.
Шундай экан, Бухоро–Сурхондарё йўналиши бўйлаб комплекс туристик маҳсулотларни шакллантириш сайёҳлар учун янги таассуротлар, тадбиркорлар учун эса янги бозор ва янги даромад манбаларини яратиши мумкин.
Мулоқот якунида янги туристик маршрутларни йўлга қўйиш, икки ҳудуд ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, туристик маҳсулотларни ўзаро тарғиб қилиш ҳамда Бухородан Сурхондарёга йўл олувчи сайёҳлар оқимини кўпайтириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай ҳамкорлик фақат туризм соҳасининг ўзи билан чекланиб қолмайди. Янги маршрут — янги меҳмонхона, янги гид, янги транспорт хизмати, янги савдо нуқтаси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига янги талаб ва энг муҳими, маҳаллий аҳоли учун янги даромад имконияти демакдир.
Бир томонда — Бухоронинг қадимий мадрасалари, миноралари, зиёратгоҳлари ва асрлар билан бўйлашган кўҳна кўчалари. Иккинчи томонда эса — Сурхондарёнинг тоғлари, муқаддас қадамжолари, археологик ёдгорликлари ва бетакрор табиати.
Уларни бир туристик занжирга боғлаш орқали нафақат ички туризмни ривожлантириш, балки Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар учун ҳам янги, жозибадор маршрутларни таклиф этиш мумкин.
Бугун туризм соҳасида рақобат фақат сайёҳни жалб қилиш билан эмас, балки унга янги таассурот, қулай хизмат ва унутилмас саёҳат тажрибасини тақдим этиш билан ўлчанмоқда.
Бухоро ва Сурхондарё ҳамкорлиги ана шу мақсадга хизмат қилади. Икки воҳанинг тарихий ва табиий бойликлари, тадбиркорлари, туроператорлари ва туристик имкониятлари бирлашса, бу нафақат янги маршрут, балки янги иқтисодий имкониятлар занжирини ҳам юзага келтиради.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири