Бухоронинг туризм салоҳияти ошади
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, Бухорога 1,5 миллион сайёҳ ташриф буюриши режалаштирилган. Бу кўрсаткични янада ошириш мумкин. Бунинг учун керакли инфратузилмани янада ривожлантириш зарур.
Президентимиз жорий йилнинг 31 май – 1 июнь кунлари вилоятга ташрифи давомида ҳам туризм соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берди.
Дарҳақиқат, Бухоронинг туризм салоҳияти жуда юқори. Айни пайтда вилоятда мазкур йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2024 йилнинг ўтган даврида 10 та меҳмонхона, 5 та хостел, 21 та оилавий меҳмон уйи фаолият бошлади. Бу билан жойлаштириш масканлари 580 тага етди. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга 630 минг нафар чет эллик сайёҳ ташриф буюрган. Уларга кўрсатилган хизматлар орқали туризм экспорти 160 миллион АҚШ долларидан ошган. Республикамизнинг бошқа ҳудудларидан 1 миллион 859 минг 400 нафар маҳаллий аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрган.
– Давлатимиз раҳбари Бухорога ташрифи чоғида вилоятнинг туризм имкониятларини ишга солиш орқали хорижлик меҳмонлар сонини 5 миллионтага етказиш зарурлигини таъкидлади, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бобир Тўқсонов. – Соҳа ривожи учун қўшимча 100 миллион доллар ажратилгани Бухоро иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очди. Давлат раҳбарининг янги инфратузилма объектларини ташкил этиш, жойлаштириш воситалари сонини кўпайтириш бўйича топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Вилоятга бугунги кунда хорижий сайёҳларни ўртача қолиш муддати уч-тўрт кунни ташкил этмоқда. Янги қўшимча инфратузилма объектлари ва хизмат кўрсатиш турларини кенгайтириш ҳисобига уларнинг қолиш муддатларини 5-6 кунга узайтириш имкониятига эга бўламиз. 2024 йилнинг олти ойида соҳада 5800 та янги иш ўрни ташкил этилди.
[gallery-18119]
Яна бир маълумот, Президентимиз тақдим этган имкониятлар сабаб йил якунига қадар 60 та янги меҳмонхона фаолият бошлайди. Бу бир вақтнинг ўзида 15 минг 200 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконини беради.
Бундан ташқари, Бухоро шаҳри марказида “гастрономик туризм кўча”лари ташкил этилади. Ҳозирги аэропортдан уч баробар кўп қувватга эга умумий лойиҳа қиймати 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропортнинг қурилиш ишлари жадаллаштирилади. Сайёҳлар демографиясини кенгайтириш, уларни ҳудудда бўлиш муддатини узайтириш мақсадида “Бухоро тарихий-этнографик парки”нинг қурилиш ишлари бошланади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари