Жорий йил 6 ойида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 102 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 248 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқаролар ва давлат манфаатларига етказилгани аниқланган 1,3 триллион сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, прокурорлар ташаббуси билан 842 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 5 минг 389 нафар ишсиз фуқаро ишга жойлаштирилган.
Тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, қарийб 9 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 18 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.
Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида прокуратура органлари аралашуви натижасида кўплаб муаммолар бартараф этилишига эришилган. Ёқилғи-энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 70 мингта рейд тадбирлари давомида 67 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 758 миллиард сўм зарар ундирилган.
Прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 5 минг 661 қурилиш объектининг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 3,7 триллион сўм маблағлар тежалиши таъминланган.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш, хуфиёна айланмалар кўламини кескин қисқартириш, молия тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасида юклатилган вазифалар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатилмоқда.
Ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланган 861 гектар ер майдонлари захирага қайтарилиши таъминланган. Шунингдек, 626 гектар ер майдонларини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 977 жиноят иши қўзғатилган.
Халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 120 минг мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 29 минг нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.
Н.Абдураимова,
ЎзА