Бош прокуратура: 322 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Бош прокуратурада кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Унда прокуратура органлари тезкор ходимлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда прокуратура органларининг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти якунлари ҳамда ҳудудий прокуратураларда ўтказилган комплекс текшириш натижалари, тизимда коррупциянинг олдини олишга доир вазифалар ижроси кўриб чиқилди.
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органларининг фаолияти Президент раҳбарлигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларнинг тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилганини таъкидлади.
2026 йил 6 ойида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 112 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 322 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилгани аниқланган 2,3 триллион сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланди.
Камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Маданий мерос объектларини асраш, туризм ва спортни ривожлантириш, табиатни муҳофаза қилишга доир вазифалар ижроси устидан назорат кучайтирилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиб, бевосита прокурорлар томонидан 376 гектар ер майдонида 235 минг туп кўчат экилди. Барча ҳудудларда “Прокурор боғлари” барпо этилди.

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб – қувватлаш йўналишида тизимли тадбирлар амалга оширилиб, қарийб 15 минг нафар тадбиркор, шу жумладан, инвесторларга муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилди.
Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган назорат тадбирлари давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 75 мингдан зиёд ҳолат фош этилиб, 316 миллиард сўмлик зарар ундирилди.
Қурилиш соҳасида кўрилган чоралар натижасида барча дастурлар ижроси бўйича 4 минг 221 объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилиши таъминланди. 20,7 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар, 23,1 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари барвақт аниқланиб, бартараф этилди.

Йиғилишда яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасидаги долзарб вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бозорлар ва автотураргоҳлардаги яширин айланмаларга барҳам бериш мақсадида “Raqamli bozor” ва “Parking management system” дастурлари жорий этилиб, 347 бозор ҳамда 209 автотураргоҳ фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди. Натижада улардаги ўртача ойлик тушум миқдори 134 миллиард сўмдан 164 миллиард сўмга ортди.
Яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш ҳамда ушбу йўналишдаги прокурор назоратини рақамлаштириш мақсадида “Яширин иқтисодиёт” платформаси ишлаб чиқилиб, юздан ортиқ ахборот тизимларидаги маълумотларни сунъий интеллект асосида онлайн таҳлил қилиш имконияти яратилмоқда.
Аграр соҳада қонунийликни таъминлашга тўхталиб ўтилди. Мақсадсиз фойдаланиб келинган 6 минг 509 гектар, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 598 гектар ер майдони давлат захирасига қайтарилди. 1 минг 178 ноқонуний қурилма бартараф этилиб, яна 4 минг 707 қурилма бўйича судларга аризалар киритилиши таъминланди.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато - камчиликларни кескин танқид остига олди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, криминоген вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишнинг барча чораларини кўриш зарурлигини қатъий таъкидлади.
Судларда прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилди. Одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолияти таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини янада оширишга доир чора - тадбирлар белгиланди.
Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳайъат муҳокамасидан алоҳида ўрин олди. Маълум бўлишича, ҳисобот даврида 95 минг мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва қарийб 116 минг нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.
Прокуратура органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш, бунда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтилди.
“Рақамли прокуратура-2030” концепциясини амалга ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси имкониятларидан тўлақонли фойдаланиш, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти самарадорлигини ошириш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди. Фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга тегишли чоралар кўрилди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА