Бош прокуратура: 4 минг 560 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги қонунчилик ижросига прокуратура органлари томонидан асосий мезонлардан бири сифатида қаралиб, ушбу йўналишда назорат тадбирлари изчил амалга оширилмоқда.
Соҳада юзага келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, бюрократик тўсиқлар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 14 минг нафардан ортиқ тадбиркорнинг муаммолари бартараф этилди.
Фаолият кўрсатмаётган 7 минг 720 тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланди. 8 минг 568 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиши ҳисобига 20 мингга яқин иш ўринлари яратилди. 3 мингдан ортиқ иш ўрни йўқотилишининг олди олинди.
Тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида улар билан 1 минг 703 сайёр қабул, давра суҳбати ва онлайн шаклдаги тўғридан-тўғри мулоқотлар ўтказилди. 12 мингдан ортиқ юридик шахс вакиллари қабул қилинди, 5 мингдан ортиқ мурожаат ҳал этилди.
Ўрганишларда тадбиркорлик соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга тўсқинлик қилаётган, энг муҳими, тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлаётган қатор салбий ҳолатларга барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилди.
Назорат тадбирлари давомида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинлик билан боғлиқ 8 мингга яқин ҳолат аниқланиб, бартараф этилди. Натижада, 4 минг 560 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Шу билан бирга, соҳадаги тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича 40 га яқин таклифлар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА