
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашининг 2022 йил фаолияти якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.
Унда кенгашнинг 2022 йилдаги фаолияти таҳлил этилди. Ўтган давр мобайнида бир қанча ижодкорлар, жумладан, шоирлар Шарифа Салимова, Замира Рўзиева, Набижон Эрмат, Зулфия Мўминова, Зикрилла Неъмат, Дилшод Ражаб, Ориф Тўхташ, Қурдош Одинаев, каби ёзувчилар Муҳаббат Йўлдошева, Кавсар Турдиева, Гулноз Тожибоева, Хуршид Тожибоев, Муҳаббат Ҳамидова ҳамда бошқа кўплаб ижодкорларнинг болаларга аталган қатор китоблари, мақола, шеър, эртак ва таржималари чоп этилгани таъкидланди.
– Ҳамма даврларда ҳам болалар шеърияти ўз мазмун-моҳияти, хусусиятига кўра, самимийлик, беғуборлик ва ҳазил-мутойиба асосига қурилган бадиий талқинларни жам этиб келган, – деди уюшма аъзоси Баҳодир Обид. – Шундай бўлиши табиий ва зарур. Негаки, болалар дунёси тўлалигича ҳайрат ва хавотир, беғуборлик ва қувлик, шўхлик ва сиполик, жўшқинлик ҳамда қувноқликдан иборат. Болалар учун шеър ёзишни истаган шоир ҳар нафасда ана шу жиҳатларни ёдда тутиши, воқеа-ҳодисаларни зийрак бола нигоҳи билан кузатиши, унга муносабат билдириши, болалар диди, қарашларига мос ва хос бадиий ифодалар, хулосалар ярата олиши лозим. Шундагина унинг айтганлари, ёзганлари болаларни ишонтира олади, уларга бирдек манзур бўлади.
– Болаларни қанчалик яхши кўрсак, уларга атаб ёзаётган асарларимизга шунчалик кўп меҳримизни бағишлашга ҳаракат қиламиз, – деди Муҳаббат Йўлдошева. – Бу асарларнинг ҳаммаси болаларча содда тил билан равон ва қизиқарли ёзилган ажойиб ижод наъмуналаридир. Шукрулло Абдуллаев, Шарифа Салимова, Дилфуза Шомаликова, Феруза Одилова, Феруза Соҳибжон қизи, Улуғбек Мустафо, Очил Тоҳир, Муҳаббат Ҳамидова, Замира Иброҳимова, Зулфия Мўминова, Дилфуза Камолжонова, Гулноз Тожибоева, Наима Анварова сингари ижодкорларнинг эртак ва ҳикоялари менда катта таассурот қолдирди.
Йиғилишда Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши учун ўтган йил ижодий воқеаларга бой бўлгани таъкидланди.
Жумладан, 2022 йил давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши номига келиб тушган бир туркум асарлар кенгаш томонидан таҳлил қилинди. Апрель ойида мутасадди идоралар иштирокида “Болалар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари: таҳлил, таклиф ва ечимлар” мавзусида илмий-амалий йиғилиш ўтказилди. Мулоқот доирасида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Болалар ва ўсмирлар адабиётининг ривожи учун хизмат қилувчи қатор фойдали таклифлар берилди.
Май ойида Украинанинг “Автограф” адабий журналида Ориф Тўхташ ва Хуршид Тожибоевларнинг эртаклари рус тилида чоп этилди. 2022 йил 27 июнь куни ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танловда Кенгаш аъзоларидан Кавсар Турдиева, Дилшод Ражаб ва Гулноз Тожибоева ғолиб бўлди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Пўлат Мўмин таваллудининг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.
Ҳисобот йиғилишида кенгаш фаолиятидаги айрим камчиликлар муҳокама этилди. 2023 йилдаги ижодий режалар, вазифалар белгилаб олинди.
ЎзА