Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашининг 2024 йил фаолияти якунларига бағишланган йиллик ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда болалар учун чоп этилган шеърий китоблар ва газета-журналлардаги шеърий туркумлар, насрий китоблар ва газета-журналларда насрий йўналишда чоп этилган асарлар юзасидан маълумот берилди.
Шунингдек, 2024 йилда АОКА ташаббуси билан болалар адабиёти йўналишида чоп қилинган янги китоблар ҳақида мулоҳазалар тингланди.
Қайд этилганидек, 100 томлик “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари” китобига муносиб асарларни саралаш ишларида болалар ижодкорлари фаол иштирок этмоқда.
[gallery-21466]
Ёш ижодкорларнинг “Зомин” семинарида таниқли шоира Умида Абдуазимова ҳамда Кенгаш раиси Ориф Тўхташ қатнашиб, ёшларнинг ижодий ишларига баҳо берди. Июнь ойида нуроний ижодкор Азиз Ёқубов қаламига мансуб “Болажон бобо ривоятлари” номли китобининг Уюшмада катта тақдимот тадбири ўтказилди.
АОКА ташаббуси ва кўмаги ёрдамида буюк аждодларимизнинг болалик дамларини ўзида акс эттирадиган янги асарлар танлови ташкил этилди ва ҳозирда мазкур асарларнинг 13 таси нашр қилиниш арафасида турибди.
Шоир Саодат Тожининг “Болаларни куйламоқ – бахтим” китоби тақдимоти “Турон” кутубхонасида ташкил қилинди. Болаларнинг севимли шоири Ҳамза Имонбердиев таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Уюшмада катта тадбир ташкил қилиниб, янги китобининг тақдимот маросими уюштирилди.
Болалар ижодкорларининг кўпчилиги телевидение ва радиоканалларда, шунингдек, матбуот нашрларида туркум мақолалари ва ижодий асарлари билан фаол иштирок этди. Шу билан бирга, уюшманинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти Кенгаши аъзоларининг 2024 йил мобайнида 6 та йиғилиши ўтказилди ва уларда бажарилган ишлар ҳамда истиқболдаги муҳим вазифаларга оид мулоҳазалар тингланди.
Йиғилишда Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгашининг келгусидаги иш режалари белгилаб олинди.
Н.Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари