Бобур шаҳрида рассомлар фестивали ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта, май ойида рассомлар фестивали ўтказиб борилади.
– Давлатимиз раҳбари ўтган йил апрель ойида Андижон вилоятига ташрифи чоғида, хусусан, Бобур шаҳрида Андижон вилоятини комплекс ривожлантиришга бағишланган йиғилишда Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ўтказиш таклифини илгари сурган эди, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари Расулжон Исманов. – Президентимиз ушбу ташаббусидан келиб чиқиб, Ҳукумат қарори билан жорий йилдан бошлаб Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ўтказиш белгиланди.
Ушбу фестиваль юртимиз рассомлари, айниқса, ёш истеъдодлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Ўзбекистон Бадиий академияси, Андижон вилоят ҳокимлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ўтказиладиган фестиваль тасвирий санъат соҳасида фаолият юритаётган иқтидорли ёшларни, хусусан, истеъдодли рассомларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган. Шунингдек, фестиваль халқимизнинг бой маънавий мероси ва миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи асарлар яратишга йўналтириш, турли йўналишларда ижод қилаётган санъаткорларнинг жаҳон санъат майдонида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишни мақсад қилади.
Фестивалда бешта – “Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом”, “Энг яхши график рассом” номинацияси бўйича ғолиблар аниқланади.
Фестиваль ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси сифатида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиль (Chevrolet Onix ёки шу классдаги бошқа автомобиль), диплом, фестиваль рамзий ҳайкалчаси ва пул мукофотлари билан тақдирланади.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА