Бобур шаҳри байрамона гўзалликка бурканди
Президентимиз ташаббуси билан Бобур шаҳрининг “Зиёлилар боғи”да ўтказилаётган Рассомлар фестивалининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Бир неча кун давом этган фестивалда Қорақалпоғистон Республикаси ва юртимизнинг барча вилоятларидан ташриф буюрган 200 нафардан зиёд тасвирий ва амалий санъат вакиллари ўз ижод намуналарини намойиш этди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси масъуллари, таниқли рассомлар, ҳайкалтарошлар, фоторассомлар, санъатшунос ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбир ўзига хос, байрамона руҳда ташкил этилди.
[gallery-29554]
Бобур шаҳрининг “Зиёлилар боғи”даги улкан саҳна байрамона безатилиб, саҳнанинг марказига улкан LED экран ўрнатилди. Тадбир очилишида экранда Камолиддин Бехзод ва яна бир қанча машҳур рассомлар томонидан яратилган миниатюралар билан уйғунлашган тасвирлар намоён бўлди. Тасвирлар аста-секин замонавий рассомлар ижодидан лавҳалар билан алмашиб, ўтмиш ва бугуннинг узвий боғлиқлиги акс этди.
Санъат, хусусан, рассомлик, ҳайкалтарошлик, амалий ва замонавий санъат намуналари инсон қалбини эзгулик ва нафосат сари етакловчи буюк куч эканини яна бир бор намоён этган мазкур фестивалнинг мақсади, аҳамияти ҳақида гапирилди.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг ҳақиқий аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Бадиий академияси “Олтин медали” соҳиби, рангтасвирчи рассом Аслиддин Исаев раислигидаги нуфузли ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, фестивалнинг Гран-при мукофотига ўзининг туркум асарлари учун самарқандлик мусаввир Абдулмуқадим Ҳалимов сазовор бўлди.
Гран-при соҳиби махсус статуэтка ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси - мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “ONIX” автомашинаси билан тақдирланди.
Фестивалда “Энг яхши рангтасвирчи рассом” номинацияси бўйича биринчи ўринга шаҳрисабзлик Масъудбек Ҳолов, иккинчи ўринга Тошкент вилоятидан Эрик Қулманов, учинчи ўринга Андижон вилоятидан Хасанбой Тешабоев, Қорақалпоғистон Республикасидан Науриз Айтмуратов сазовор бўлди.
“Энг яхши ҳайкалтарош” номинацияси бўйича биринчи ўринни Қўқон шаҳридан Эргашали Тожибоев, иккинчи ўринни Тошкент шаҳридан Улаш Урақов, учинчи ўринни Фарғона вилоятидан Ғиёсжон Болтаев қўлга киритди.
“Энг яхши фоторассом” номинацияси бўйича биринчи ўрин Тошкент шаҳридан Ҳамдам Шораҳмедовга, иккинчи ўрин Тошкент вилоятидан Султанбай Деҳқоновга насиб этди.
“Энг яхши график рассом” номинацияси бўйича биринчи ўринга Тошкент шаҳридан Мария Сафи, иккинчи ўринга Навоий вилоятидан Улуғбек Муҳаматов, учинчи ўринга Фарғона вилоятидан Дилбек Тўхтақулов сазовор бўлди.
Фестивалда барча номинациялар бўйича биринчи ўрин соҳиблари 35 миллион, иккинчи ўрин соҳиблари 25 миллион, учинчи ўрин соҳиблари эса 15 миллион сўмдан пул мукофоти ҳамда диплом билан тақдирланди.
Тадбирда таниқли санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Юқори савия ва кўтаринкиликда ўтган мазкур фестиваль мамлакатимизда тасвирий санъатни янада ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва миллий маданиятимизни кенг тарғиб этишга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.