Мамлакатимизда ҳар йили миллионлаб ўқувчи мактаб парталарига ўтиради. Улар орасида биттагина ўқувчи учун дарс ўтиладиган мактаб ҳам борлигини эшитсангиз, ишонасизми?
Қашқадарё вилояти, Китоб туманида жойлашган Аспидухтар қишлоғи – тоғ бағридаги кам сонли хонадонга эга, мўъжазгина қишлоқ. У ердаги мактаб филиалида эса атиги 15 нафар ўқувчи таҳсил олади. Шу 15 нафарнинг ичида бир нафар 11-синф битирувчиси – Муслима Тоштемирова ҳам бор. Уни ўқитиш учун ҳар куни 3-4 нафар ўқитувчи, ҳафталик жадвалга мувофиқ жами 14 нафар педагог 7 километр масофадан қатнаб дарс ўтади.
Бу мактаб Китоб туманидаги 60-мактабнинг филиали. Ҳудуд Деновбола қишлоғидан 7 километр олисда жойлашган. Лекин бу 7 километр – оддий йўл эмас, тоғли, қаттиқ ёғинлардан кейин деярли имконсиз бўлиб қоладиган оғир шароитли масофадир.
Атрофини чўққиси булутлар билан уйғунлашиб кетган баланд тоғлар ўраб олган, қор қоплаган елкасида шамол урилса ҳам ўрнидан жилмайдиган арчазорлар бағридаги бир мактаб ҳаётнинг самимий манзарасини тасвирлаб тургандек.
Муслима Тоштемирова. Кучли ва иродали ўқувчи қиз. Ҳар куни устозлар турли йўналишлардан қатнаб, у учун дарс ўтади.
Бир қарашда мўъжизага ўхшайди. Лекин бу фидойиликдир. Бу касбга садоқатдир.
Йўл – сабот ва муҳаббат тимсоли. Ўқитувчи Саттор Хабибов қишнинг совуғини писанд қилмай, тоғ йўлидан “Нива” автомобилида йўлга отланган. Муслима каби ўқувчиларга дарс бериш учун.
“Бугун 5 соат дарс ўтаман. Ҳар куни уч-тўрт нафар ҳамкасбларим билан навбатма-навбат келамиз. Қор бўлса, бир кун аввал келиб тунаб қоламиз. Бир ўқувчи бўлса ҳам – у келажак.”
Бу сўзлар нафақат ўқитувчиликнинг, балки инсонпарварлик ва масъулиятнинг ёрқин ифодасидир.
[gallery-23571]
Бир ўқувчи – юз умид. Муслима кўзларига кучли ишонч уйғунлашган, қизиқувчан ва жасур қиз. Ҳар бир дарсни интиқлик билан кутади, ҳар бир ўқитувчи унинг орзуси сари бир қадам.
– Қишлоғимизда шифокор йўқ. Мен яхши ўқиб, шифокор бўлмоқчиман. Шу ерга қайтиб, одамларга ёрдам беришни орзу қиламан, – дейди у, ҳаётий мақсадни қалбидан сўзлаб.
Йиллар, қорлар, дарслар…
11 йил – ўйлаб кўринг: ёмғирли кунлар, музлаб қолган кечалар, қорли тоғлар орасидаги 7 километрлик йўл. Бу мактаб фақат мослашув эмас, балки муҳаббатнинг шаклига айланган.
Ҳар қатра сабр, ҳар нафас меҳнат – Муслимани бугунги кунга етаклаб келди.
24 май – битирув куни.
Муслима мактабни тамомлади. Даврада битта ўқувчи, атрофда эса юзлаб қалб. Устозлар, ота-оналар, қишлоқ аҳли унга табрик йўллади.
Қўнғироқ чалинди. Бу нафақат битирув, балки янги саҳифанинг бошланишидир.
– Фақат ўзим эмас, мен билан устозларим ҳам бу мактабни тугатишяпти, – дейди Муслима кўзлари ёниб.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бир ўқувчига – юз фидойи қалб. Бу ҳикоя – билимга садоқат, одамгарчилик ва энг муҳими, инсон ҳаётидаги бир зарра меҳрнинг қандай тубдан ўзгаришларга олиб келиши ҳақидадир.
Япониянинг Хоккайдо оролида 2016 йили битта ўқувчи қиз учун поезд қатнови ташкил этилгани бутун дунёда илҳом манбаига айланган эди. Агар Японияда битта ўқувчи учун поезд юрган бўлса, бизнинг тоғли қишлоқда битта ўқувчига таълим бериш учун ўн тўрт фидойи устоз тоғлардан ўтган. Бу ҳам худди шундай мўъжиза.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/-rglBJtJv0g" title="Bitta o`quvchi, o`n to`rt ustoz va tog` bag`ridagi maktab" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари