Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг масофавий мониторинг тартибидаги ўрганишларида умумий қиймати бир миллиард сўмдан ортиқ бўлган давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Ангрен шаҳар ободонлаштириш бошқармаси буюртмачилигида жорий йилнинг 15 февраль куни амфитеатр темир конструкцияларини олиб келиш хизмати юзасидан ўтказилган 200 миллион сўмлик;
Жарқўрғон тумани ҳокимлиги буюртмачилигида жорий йилнинг 21 февраль куни байрам тадбири учун совғалар сотиб олиш ва байрам дастурхони ёзиш юзасидан ўтказилган 309 миллион сўмлик;
Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмаси буюртмачилигида жорий йилнинг 28 февраль куни лаборатория таҳлиллари хизматини кўрсатиш юзасидан ўтказилган 300 миллион сўмлик;
Урганч ихтисослаштирилган мақом санъати мактаб-интернати буюртмачилигида жорий йилнинг 22 февраль куни аутсорсинг хизмати юзасидан ўтказилган 371,1 миллион сўмлик давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Ушбу давлат харидларида Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомнинг бир қатор талаблари бузилишига йўл қўйилган.
Агентлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, мазкур ҳолатлар бўйича харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга тақдимномалар киритилди.
Агентликнинг тақдимномаларига биноан юқоридаги давлат харидлари бўйича харид комиссиясининг баённомалари бекор қилиниши таъминланди.
Шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилишига йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Н.Абдураимова, ЎзА