Бир мактуб – минг бир ҳаётий сабоқ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг набираси Шавкатбекка парвоз давомида битган мактубини мутолаа қилар эканмиз, унда бобо ва набира ўртасидаги самимий меҳр-муҳаббат билан бир қаторда, халқимизнинг асрий қадриятлари, миллий тарбия фалсафаси ҳамда келажак авлод камолотига дахлдор муҳим масалалар ўз ифодасини топганини кўрамиз.
Мактубнинг ҳар бир сатри инсонни мушоҳадага, ўз ҳаётига, фарзанд тарбиясига, Ватан ва келажак олдидаги масъулиятига теранроқ назар ташлашга ундайди.
Мактубда илгари сурилган асосий ғоялардан бири эл-юртга хизмат қилишнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятидир.
“… бу дунёда миллатнинг дардига дармон бўлишдан кўра аъло ва афзал иш йўқ”, деган фикр замирида халқ манфаатини ўйлаш, инсон дардига бефарқ бўлмаслик, жамият олдидаги бурчни чуқур англаш каби маънавий мезонлар мужассам.
Аслида, ватанпарварлик фақат баландпарвоз сўзлар ёки тантанали даъватлар билан белгиланмайди. У инсоннинг кундалик фаолиятида, ўз касбига садоқатида, ҳалол меҳнатида, атрофидагиларнинг тақдирига дахлдорлик туйғусида намоён бўлади.
Ўқитувчининг сидқидилдан таълим бериши, шифокорнинг инсон саломатлиги учун қайғуриши, деҳқоннинг ҳалол меҳнати, зиёлининг жамият тафаккурини юксалтиришга қўшган ҳиссаси буларнинг барчаси Ватанга хизмат қилишнинг амалий ифодасидир. Шу маънода, мактубда баён этилган фикрлар ҳар биримизни ўзимизга савол беришга ундайди: мен Ватаним, халқим ва келажак авлод учун қандай манфаатли иш қилдим?
Мактубнинг энг муҳим жиҳатларидан бири унда илм-маърифат масаласига алоҳида эътибор қаратилганидир.
Давлат раҳбари ўз болалик йилларидаги машаққатларни эслар экан, бугунги авлоднинг муносиб таълим олиши, ўз истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариши нақадар муҳим эканини таъкидлайди. Тарихдан маълумки, миллатнинг ҳақиқий қудрати унинг моддий бойликлари билангина эмас, балки илмий салоҳияти, интеллектуал имкониятлари ва маънавий етуклиги билан ҳам белгиланади. Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Маҳмудхўжа Беҳбудий сингари буюк аждодларимизнинг номлари мактубда бежиз тилга олинмаган. Уларнинг илмий ва маънавий мероси бугунги авлод учун нафақат фахр-ифтихор манбаи, балки юксак масъулият мезони ҳамдир.
Зеро, маърифат инсонни жаҳолатдан, тафаккур лоқайдликдан, билим эса қарамликдан халос этувчи буюк кучдир.
Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари жадал ривожланаётган даврда ёшлар тарбияси билан боғлиқ масалалар янгича мазмун касб этмоқда. Мактубда замонавий гаджетлар ва сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш, айни пайтда уларга қарам бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш ҳақидаги фикрлар давримизнинг долзарб маънавий муаммоларидан бирига эътибор қаратади.
Бугунги ёшларимиз улкан ахборот маконида яшамоқда. Уларнинг қарашлари, дунёқараши ва ҳаётий мақсадлари нафақат оила ёки таълим муассасасида, балки виртуал муҳитда ҳам шаклланмоқда. Бундай шароитда ёшларни технологиялардан чеклаш эмас, балки улардан оқилона фойдаланишга, ахборотни таҳлил қилишга, фойдали билимни зарарли таъсирлардан ажрата олишга ўргатиш муҳимдир. Сунъий интеллект инсоннинг имкониятларини кенгайтириши мумкин, аммо у мустақил тафаккур, ҳаётий тажриба, виждон ва маънавий масъулиятнинг ўрнини эгалламаслиги керак.
Мактубда вақтнинг қадри, интизом, сабр-тоқат ва муваффақиятсизликлар қаршисида таслим бўлмаслик ҳақида билдирилган мулоҳазалар ҳам алоҳида тарбиявий аҳамиятга эга. “Ҳаётдаги энг катта ютуқ ҳеч қачон йиқилмасликда эмас, балки йиқилган тақдирда ҳам ўзида куч топиб қайта тура билишдадир”. Ушбу фикр ёш авлод учун муҳим ҳаётий сабоқдир. Чунки инсон камолоти фақат эришилган ютуқлар билан эмас, балки дуч келган синовлардан қандай хулоса чиқаргани, қийинчиликларни қандай енгиб ўтгани билан ҳам белгиланади.
Бугунги ёшларни тайёр натижага эмас, изланишга, осон муваффақиятга эмас, ҳалол меҳнатга, вақтинчалик омадсизликдан тушкунликка тушишга эмас, ундан сабоқ олишга ўргатишимиз зарур. Вақтни қадрлаш эса, аслида, умрни қадрлаш демакдир. Ҳар бир кунини илм ўрганишга, касб-ҳунар эгаллашга, ўз устида ишлашга ва эзгу амалларга бағишлаган инсон нафақат ўз келажагини, балки жамият келажагини ҳам бунёд этади.
Мактубнинг самимий ва таъсирчан руҳини белгилаб турган энг муҳим жиҳат ундаги оилавий меҳр, авлодлар ўртасидаги маънавий ришталар ва боболик меҳри билан йўғрилган ҳаётий насиҳатлардир. Халқимиз азалдан фарзанд тарбиясини энг улуғ ва масъулиятли вазифалардан бири сифатида қадрлаб келган. Оилада кексаларнинг ўгити, ота-онанинг ибрати, бобо ва бувиларнинг ҳаётий тажрибаси ёш авлод маънавиятини шакллантиришда беқиёс ўрин тутади. Фарзандга қолдириладиган энг катта мерос мол-дунё эмас, балки гўзал тарбия, мустаҳкам билим ва покиза виждондир.
Бугунги кунда маънавий-маърифий ишларнинг самарадорлиги ўтказилган тадбирлар сони билангина эмас, балки уларнинг инсон қалби ва тафаккурига кўрсатган таъсири, жамиятда шакллантирган ижобий ўзгаришлари билан баҳоланиши зарур.
Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғун ҳолда сингдириш, зиёлиларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш олдимизда турган устувор вазифалардан.
Андижон заминининг бой тарихий, илмий ва адабий мероси ҳам бу борада катта тарбиявий имкониятларга эга. Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари буюк аждодларимизнинг илмга, адабиётга, бунёдкорликка ва Ватанга муҳаббат билан йўғрилган меросини ёш авлод онгига чуқур сингдириш маънавий-маърифий фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бўлиши лозим.
Мактубда ифодаланган ҳаётий сабоқларни оилаларда, маҳаллаларда, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида кенг муҳокама қилиш, уларнинг мазмун-моҳиятини амалий тарбия жараёнлари билан уйғунлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Чунки маънавият инсон қалбига буйруқ билан эмас, самимий мулоқот, ҳаётий ибрат ва эзгу амаллар орқали сингдирилади.
Мазкур мактуб бир набирага аталган бўлса-да, ундаги ҳаётий насиҳатлар, эзгу тилаклар ва маънавий қарашлар барча оилалар, ота-оналар, устоз-мураббийлар ҳамда ёш авлод учун мушоҳада манбаи бўла олади. Унда кечаги куннинг машаққатлари, бугунги куннинг масъулияти ва эртанги куннинг орзу-умидлари ўзаро туташган.
Келажак фақат бунёд этилаётган муҳташам бинолар, замонавий иншоотлар ёки иқтисодий имкониятлар билан белгиланмайди. Келажак - бугунги фарзандларимиз қалбига сингдираётган эзгуликларимиз, онгига жойлаётган билимларимиз ва уларга кўрсатаётган шахсий ибратимиз билан ҳам бунёд этилади.
Нигора Қашқабоева,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА