“Беш ташаббус паралимпиадаси” янги муждаларни туҳфа этди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуаси ва майдончаларида икки кун давомида ўтказилган “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларининг республика финал босқичи матонат ва ирода соҳиблари қалбига чинакам спорт завқини тортиқ этиш билан бирга янги муваффақиятларга чорлов вазифасини ўтади.
Тўртта адаптив спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақаларнинг республика финал босқичида ҳудудий саралашларда ғолибликка эришган 364 нафар пара спортчилар ғолиблик учун кураш олиб борди. Ўз иқтидорини, чапдастлигини намойиш этганлар шоҳсупанинг энг юқорисидан жой эгаллади.
Айтиш лозимки, жорий йилги “Беш ташаббус паралимпиадаси” ўйинларининг илк босқичида мамлакатимиздаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган 105 минг 10 нафар ногиронлиги бор шахслар қамраб олинди. Бу ўтган йилга нисбатан 23 фоизга юқори кўрсаткичдир.
Икки кунлик “Беш ташаббус паралимпиадаси” мусобақаларининг финал босқичида ғолиб ва совриндорликка эришганларни тантанали тақдирлаш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Дилноза Каттахонова, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ҳамда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси, Ўзбекистон адаптив спорт ассоциацияси раиси Мухторхон Тошхўжаев пара стол тенниси, пара енгил атлетика, пара бадминтон, армрестлинг, шахмат мусобақаларида ўз иқтидорини намойиш этган ҳар бир иштирокчи аслида мусобақанинг рамзий ғолиби эканини таъкидлади.
Мусобақалар якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти биринчи, Самарқанд вилояти иккинчи, Хоразм вилояти вакиллари эса учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорларга кубок, диплом ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Мусобақаларнинг яна бир эътиборга молик жиҳати, 5 та адаптив спорт йўналишларидаги баҳсларда умумий ҳисобда 78 нафар пара спортчи чемпион бўлди.
Ушбу ғалаба уларга ўз маҳаллаларида Спорт вазирлиги томонидан замонавий универсал спорт майдончалари барпо этиб берилиши ҳуқуқини тақдим этди. Бу билан яна кўплаб маҳаллаларга, оилаларга спорт завқи кириб боради.
Т. Рўзиев,
А.Мамадаминов(фото), ЎзА