Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистонда кучлилар билан беллашади
Бугун, 16 июль куни Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида мукофот жамғармаси 79 минг 500 АҚШ долларидан иборат “Quantbox Chennai Grand Masters 2026” халқаро турнири бошланади.
Мазкур классик йўналишдаги нуфузли турнирга таклиф этилган 8 нафар энг маҳоратли шахматчилар қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғолибликка даъвогарлик қилади.
Турнирда шунингдек, амалдаги Жаҳон чемпиони Доммаражу Гукеш, қатор нуфузли мусобақаларда ғолиблик ва совриндорлик мақомига кўтарилган ҳиндистонлик Аржун Эригаиси, франциялик Алиреза Фирузжа, АҚШ вакили Ҳанс Ниеманн, ҳиндистонлик Ниҳал Сарин, россиялик Дмитрий Андрейкин ва яна бир Ҳинд шахматчиси Пранеш дона суради.

Классик шахмат йўналишида айланма тизимда ўтадиган баҳслар 7 та турдан иборат бўлиб, мусобақалар 22 июлга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, турнирда ғолибликни қўлга киритган шахматчи 25 минг АҚШ долларини қўлга киритиши билан бирга рейтинг очко жамғаришга ҳам муваффақ бўлади.
Т. Рўзиев, ЎзА