Раҳбар ва ёшлар учрашуви: Ғалабанинг энг муҳим омили руҳий баркамоллик
Пойтахтимиздаги Республика велоспорт маҳорат мактаб-интернатида Ёшлар куни муносабати билан “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” доирасида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов спортчи-ўқувчилар билан суҳбатлашди.
Самимий руҳда кечган мулоқот давомида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг спортдаги ютуқларини янада юксалтириш, таълим-тарбия, ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитларга муносиб бўлиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида сўз юритилди.

Шунингдек, халқаро майдонларда кечадиган нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш тамойиллари, одоб-ахлоқ, халқимизга хос қадриятларни тарғиб этиш, руҳий баркамоллик ғалабанинг энг муҳим омили эканлиги таъкидланди.
Суҳбат давомида ёш спортчиларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Т. Рўзиев, ЎзА