Беҳзод Бўронбоев: "Иссиқлик таъминотида замонавий ечимларга таяняпмиз"
Иссиқлик таъминоти тизимининг барқарор ишлаши, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бугунги кунда соҳанинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Айниқса, энергияга бўлган эҳтиёж ортиб бораётган шароитда замонавий технологияларни жорий этиш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ва ёқилғи ресурсларини тежаш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу борада когенерация технологиялари алоҳида ўрин тутади. Ушбу технология бир вақтнинг ўзида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш имконини бериб, энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Тошкент шаҳрида ҳам мазкур йўналишда ишлар олиб борилиб, локал ва йирик қувватли когенерация марказларини ташкил этиш бўйича янги лойиҳалар режалаштирилмоқда.
Соҳада жорий этилаётган янги технологиялар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар хусусида "Тошкент иссиқлик маркази" директори Беҳзод Бўронбоев билан суҳбатлашдик.
– Аввало, когенерация технологиясини жорий этишдан кўзланган мақсад ва унинг иссиқлик таъминоти тизимидаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Бугунги кунда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Когенерация технологияларини жорий этиш икки асосий йўналишда олиб борилмоқда. Биринчи йўналиш марказлашган иссиқлик таъминоти тизимининг чекка нуқталарида кичик қувватли локал когенерация марказларини ташкил этиш ҳисобланади. Иккинчи йўналиш эса мавжуд иссиқлик марказларида йирик қувватли когенерация қурилмаларини ўрнатишдан иборат.
Ушбу технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик, ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин. Бу энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва табиий газ сарфини камайтириш учун муҳим аҳамиятга эга.
Локал когенерация марказларини иссиқлик таъминоти тизимининг чекка нуқталарида ташкил этиш энергия ишлаб чиқариш имкониятларини истеъмолчиларга яқинлаштиришга хизмат қилади. Мавжуд иссиқлик марказларида йирик қувватли қурилмаларни жорий этиш эса корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш имконини беради.
– Ҳозирга қадар когенерация технологияларини жорий этиш бўйича қандай натижаларга эришилди? Ушбу қурилмаларнинг амалиётга татбиқ этилиши қандай самара бермоқда?
– Бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Олмазор ва Сергели туманларида учта локал когенерация маркази фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, "Тошкент иссиқлик маркази" таркибидаги 4-иссиқлик марказида 100 мегаватт қувватга эга когенерация қурилмаси ишга туширилган ва ундан фойдаланилмоқда.
Мазкур қурилмаларнинг ишга туширилиши иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш билан бир қаторда электр энергияси олиш имкониятини ҳам яратди. Натижада иссиқлик марказларининг фаолияти фақат иссиқлик ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмай, икки турдаги энергияни биргаликда ишлаб чиқаришни ҳам қамраб олмоқда.
Бунинг аҳамияти шундаки, энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва табиий газни тежаш учун қўшимча имконият пайдо бўлади. Шу билан бирга, когенерация қурилмаларининг иқтисодий самарадорлиги ишлаб чиқариш ҳажми, ёқилғи сарфи ва эксплуатация харажатлари каби кўрсаткичларга ҳам боғлиқ.
– Келгусида когенерация марказлари тармоғини кенгайтириш бўйича қандай режалар белгиланган? Янги лойиҳалар қайси ҳудудларда амалга оширилади?
– Амалдаги тажрибадан келиб чиқиб, когенерация технологияларини жорий этишнинг кейинги босқичлари ҳам белгилаб олинган. Хусусан, Тошкент шаҳрининг қолган ҳудудларида яна еттита локал когенерация марказини қуриш ва ишга тушириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, йирик қувватли когенерация станцияларини жорий этиш ишлари ҳам давом эттирилади. Режага мувофиқ, Яшнобод туманидаги 7-иссиқлик маркази, Сергели туманидаги 8-иссиқлик маркази ҳамда Зангиота туманида жойлашган 9-иссиқлик марказида когенерация станцияларини ишга тушириш кўзда тутилган.
Ушбу учта марказнинг ҳар бирида 100 мегаватт қувватга эга когенерация станцияларини жорий этиш режалаштирилган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш орқали иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш кўзда тутилган.
Албатта, янги лойиҳаларни амалга оширишда мавжуд инфратузилманинг имкониятлари, технологик талаблар ва истеъмолчилар эҳтиёжларини ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
– Умуман олганда, когенерация технологияларини кенг жорий этиш иссиқлик таъминоти тизими олдида турган вазифаларни ҳал қилишда қандай ўрин тутади?
– Асосий мақсадимиз энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва истеъмолчиларни барқарор энергия билан таъминлаш. Бунинг учун замонавий технологияларни жорий этиш билан бир қаторда, мавжуд ускуналардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ҳам муҳим.
Когенерация технологиялари иссиқлик таъминоти тизимининг имкониятларини кенгайтириш, энергия ресурсларини тежаш ва ишлаб чиқариш жараёнини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади. Шу боис бу йўналишдаги ишларни изчил давом эттириш, янги технологияларни амалиётга татбиқ этиш ва мавжуд инфратузилмани модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Келгусида ҳам асосий эътибор энергия ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш ва иссиқлик таъминоти тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.