Буғ-газ ва когенерация технологияларини жорий этиш: таҳлил ва тажриба
Тошкентда “Ўзбекистон энергетикасида буғ-газ ва когенерация технологияларининг аҳамияти: иссиқлик энергетикасини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Масъуллар, олимлар ва мутахассислар иштирок этган тадбирда мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар, илмий ва амалий ишлар таҳлил этилди.
Қайд этилганидек, иссиқлик энергетикасини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш мамлакат энергетика тизимини барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
“Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ директори Бекзод Бўронбоев томонидан тақдим этилган маъруза иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. У ўз чиқишида марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш ва унинг самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
– Бугунги кунда марказлашган иссиқлик таъминоти тизими ўзининг эски моделидан воз кечиб, барқарор ва самарали энергетика тизимига айланиши шарт. Бу нафақат энергия тежамкорлигини таъминлайди, балки аҳоли учун хизматлар сифатини ҳам сезиларли даражада оширади. Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида марказлашган иссиқлик таъминоти тизими босқичма-босқич трансформация қилинмоқда. Хусусан, когенерация технологияларини жорий этиш натижасида бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса ёқилғи сарфини қисқартириш ва умумий самарадорликни оширишга хизмат қилади. Биз учун энг муҳим вазифалардан бири эса энергия самарадорлигини ошириш ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш. Шу мақсадда инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда ва инфратузилма босқичма-босқич янгиланмоқда, – деди у.
Шунингдек, тадбирда истиқболли йўналишлар сифатида иссиқлик насосларини жорий этиш, тригенерация тизимларини ривожлантириш, насос ускуналарини модернизация қилиш каби вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман якунида соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш, янги технологияларни жорий этиш ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА