Иссиқлик қуввати таъминотида нима ўзгармоқда? (+видео)
Сўнгги йилларда иссиқлик энергетикаси тармоқларини модернизация қилиш, эски, кўп харажат қиладиган қозонхоналарни алмаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки, дунёда юз бераётган ёнилғи инқирози бизнинг юртни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Ана шундай шароитда энерготежамкор ускуналарни ўрнатиш, бир вақтнинг ўзида ҳам иссиқлик манбаи ва электр қуввати ишлаб чиқарадиган когенерацион ва тригенерация технологияларини жорий этиш долзарб аҳамиятга эга.
Бугунги кунда республикада 16 610 та кўп хонадонли уйдаги 761 мингдан ортиқ хонадон ҳамда 2 543 та ижтимоий соҳа объекти марказлашган иссиқлик қуввати билан таъминланган. Тизимда 555 та қозонхона ва 3 784 км иссиқлик тармоқлари мавжуд.
Сўнгги йилларда соҳани модернизация қилиш мақсадида 150 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 173 та қозонхона ва 1 274 км иссиқлик тармоқларида қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Натижада 3 800 дан ортиқ кўп квартирали уй ва 371 та ижтимоий соҳа объектининг иссиқлик таъминоти яхшиланди.
2026 йил инвестиция дастури доирасида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 71.8 км иссиқлик тармоқлари қурилди, 19 та иситиш қозони ўрнатилди. Йил якунига қадар 153.7 км иссиқлик тармоқлари ва 61 та қозонни ишга тушириш режалаштирилган.
Муҳими, бугунги кунда иссиқлик тармоқларини сунъий интеллект асосида бошқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Соҳадаги ўзгаришлар ва келгусидаги режалар хусусида “Иссиқликтаъминоти” АЖ бўлим бошлиғи Улуғбек Фарҳодов билан суҳбатлашдик.
- Иссиқлик таъминоти соҳасида нималар ўзгарди?
- Иссиқлик таъминоти узоқ йиллардан давомида эътибордан четда қолди. Муҳтарам Президентимизнинг оқилона сиёсати туфайли 2025 йил 11-март санасида 100-сонли қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга асосан иссиқлик таъминоти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, унга халқаро тажрибаларни жалб қилиш, энергия ресурсларини тежаш мақсадида муқобил қувватдан фойдаланган ҳолда энерготежамкор ускуналарни жорий қилиш бўйича бир қатор топшириқлар белгилаб берилди. Шу жумладан, республика бўйича иссиқлик билан таъминланганлик даражасини 37 % дан 57 %гача кўтариш, иссиқлик йўқотишларини 20%гача қисқартириш, халқаро ҳамкор ташкилотларнинг инвестиция маблағларини жалб қилиб, ривожланган давлатлар тажрибаси асосида иссиқлик таъминоти тизимларини ташкиллаштириш, умуман хизмат кўрсатиш сифатини ошириш орқали аҳоли розилигига эришиш бўйича топшириқлар белгилаб берилган. (давоми видеода)
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/4MEXcdQjcsg" title="Issiqlik quvvati ta’minotida nima o‘zgarmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА