Байроқ ҳақида сабоқ табиат қўйнида ўтказилди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган машғулот табиат қўйнида ташкил этилди.
Ватанга муҳаббат ва давлат рамзларига ҳурмат туйғуларини болаликдан шакллантиришда тарбиявий машғулотлар муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда ташкилот педагоглари тарбияланувчиларга байроғимиз ҳақидаги дастлабки тушунчаларни очиқ ҳаводаги сайр давомида берди.
[gallery-32577]
Тарбиячилар болажонларга давлат байроғидаги ранглар, ярим ой ва юлдузлар ҳақида уларнинг ёшига мос, содда ва тушунарли тарзда сўзлаб берди. Давлат рамзларини эъзозлаш, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги тушунтирилди.
Машғулот давомида болалар атрофдаги табиатни кузатиб, тенгдошлари билан биргаликда сайр қилди, байроғимиз ҳақидаги билимларини бойитди. Сайр ва суҳбатнинг уйғунлиги уларнинг машғулотга қизиқишини оширди.
Бундай сабоқлар кичкинтойларнинг Ватан ҳақидаги илк тасаввурларини кенгайтириш, қалбида юртга меҳр ва миллий ғурур туйғуларини камол топтиришга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА